Бухорода ҳам “Президент арчаси” байрам тадбири ўтказилди
2025-12-25 18:05:00 / Янгиликлар

Тадбирга оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари, маҳаллаларда истиқомат қилаётган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, шунингдек, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида ҳалок бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фарзандлари таклиф этилди. Улар учун яратилган байрамона муҳит, янги йил арчаси атрофидаги қувончли лаҳзалар чинакам шодиёнага айланди.
Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, болажонларни Янги йил байрами билан қутлади. Ўқишларига омад тилар экан, уларни янги ва юксак марраларни забт этишга ундади.
Тадбир давомида вилоят ҳокими ҳамда масъул ташкилотлар раҳбарлари томонидан болаларга “Президент совғалари” тантанали равишда топширилди. Юртбошимизнинг оталарча ғамхўрлиги рамзи бўлган ушбу совғалар таркибига болаларнинг таълим олиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказишига хизмат қилувчи 24 номдаги ўқув қуроллари, шунингдек, болажонлар севиб истеъмол қиладиган 34 номдаги ширинлик маҳсулотлари киритилган. Ўқув қуроллари ва ширинликлардан иборат туҳфадан ўғил-қизларнинг кўнгли шод бўлди.
“Президент арчаси” ўрнатилган катта саҳнада маданий байрам тадбири бошланди. Қорбобо ва қорқиз иштирокида вилоят театри ижодий жамоасининг меҳр-оқибат, эзгуликнинг ёвузлик устидан ҳамиша ғолиб чиқиши, инсон фарзанди доимо яхшилик ва хайрли ишларга интилиб яшаши ҳақида ҳикоя қилувчи эртак-спектакл намойиш қилинди. Байрамона безатилган арча атрофидаги шўх қўшиқ, тарона ва рақслар, болажонларга олам-олам қувонч, шодлик ва ҳаяжон, кўтаринки кайфият бағишлади.
Маълумот ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, янги йил тадбирлари доирасида жами 610 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож болажонларга "Президент совғалари" тақдим этилди.
Нафақат вилоят маркази, балки ҳар бир шаҳар ва туманда янги йил байрами муносабати билан ташкил этилган “Президент арчаси” тантаналари ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларини кенг қамраб олган ҳолда зўр уюшқоқлик билан ўтмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








