Ботир Зарипов «Мурувват уйи»даги болажонларга «Президент совғаси»ни топширди
2025-12-25 17:20:00 / Янгиликлар

Бу йил ҳам Янги йил муносабати билан тайёрланган байрам совғалари Бухоро вилоятига етиб келди. 610 нафар болажонларга аталган ушбу қутлуғ туҳфалар «Президент арчаси» байрам тадбирлари доирасида тантанали равишда топширилмоқда.
Хусусан, бугун вилоят ҳокими Ботир Зарипов «Мурувват» ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйида тарбияланаётган болажонларни давлатимиз раҳбари номидан Янги йил байрами билан табриклади. Уларга бахту саодат, келажакда Ватанга муносиб инсонлар бўлиб камолга етишига омад тилади. Президентимизнинг Янги йил совғаларини топширди.
Қорбобо ва Қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари иштирокидаги томошалар, бахтли болалик, гўзал диёримиз мадҳ этилган қўшиқлар, шўх куйлар болаларга бир олам завқ бағишлади.
Маълумот ўрнида: Интернат уйи 1970 йилда ташкил этилган бўлиб, 2020 йилда давлат бюджетидан ажратилган 311 миллион сўм маблағ эвазига қайта таъмирланган. Айни кунда бу муассасада давлат ижтимоий муҳофазасига олинган болалар сони 246 нафарни ташкил қилади. Уларга 14 нафар тор доирадаги шифокор, 32 нафар ўрта тиббиёт ходими, қолаверса, 92 нафар тарбиячи хизмат кўрсатмоқда. Муассаса моддий-техник имкониятларини яхшилаш мақсадида 2020 йилда 15 миллиард сўмдан ошиқроқ, 2021 йилда эса 14 миллиард 214 миллион сўм маблағ ажратилган. Айни кунда икки қаватли масканни ободонлаштириш, атрофини кўкаламзорлаштириш, бу ердаги болаларга зарур шарт-шароитни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, масканда кундузги парваришлаш хизмати ҳам йўлга қўйилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









