Бухоро тумани: “Зарманоқ” маҳалласида “Sangina Shohjahon” МЧЖ хотин-қизларни иш билан таъминламоқда
2025-12-24 14:25:00 / Янгиликлар
Айни кунда 180 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган Бухоро туманида ўзини ўзи бошқариш идоралари ва улар таркибидаги 120 дан ошиқ маҳалла, қишлоқ ва кўча қиёфаси, муҳандислик коммуникация тармоқларини мустаҳкамлаш баробарида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли ижтимоий муаммоларига ечим топиш, бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, ишсиз ва даромадсиз хонадонларга даромад манбаини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, “Зарманоқ” МФЙда истиқомат қилувчи Шуҳрат Тешаев раҳбарлигидаги “Sangina Shoxijahon” МЧЖ бир неча йилдирки, меҳнат жамоалари учун махсус кийим тикиш билан шуғулланади. Корхона фаолияти нафақат сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган, балки маҳалладаги хотин-қизлар бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Бугунга келиб “Sangina Shohjahon” МЧЖ касаначилик асосида 20 нафар ишсиз хотин-қиз бандлигини таъминлаб, улар оилавий бюджетини мустаҳкамлашига ёрдам бермоқда. Шуҳрат Тешаевнинг ташаббуси нафақат оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, балки маҳалладаги хотин-қизларни мустақил даромад топиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган.
Айни пайтда улар касаначилик орқали даромад топиб, маҳалла иқтисодиётига ҳам ҳисса қўшмоқдалар. Тадбиркор Шуҳрат Тешаев ва унинг жамоаси маҳалладош хотин-қизлар учун иш берувчи сифатида бошқа тадбиркорларни ҳам иш ўринлари яратишга илҳомлантирмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








