Когон: “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида яна 34 та хонадонга иссиқхона қуриб берилмоқда
2025-12-24 12:00:00 / Янгиликлар
Айни кунда Когон туманида аҳоли томорқачилари 21 мингга яқин бўлиб, улар тасарруфидаги мавжуд томорқа ери 2 минг 128 гектарга етказилган. Шунингдек, ҳудудда бевосита иссиқхона хўжалигини барпо этиб, унда йилнинг тўрт фаслида ҳам баракали ҳосил етиштираётган хўжаликлар экин ери 20 гектардан ортиқ майдонни ташкил этмоқда.

Мазкур иссиқхоналарнинг аксарияти 1–4 сотихдан иборат бўлиб, йил бўйи асосан помидор, картошка, пиёз, бодринг, карам, саримсоқпиёз, қолаверса, лимон, апельсин каби цитрус мева етиштирилиб, халқимиз дастурхонига туҳфа этиб келинмоқда.
Шу ўринда чоғроқ еридан катта даромад олаётган когонлик илғор томорқа эгаларидан Сорғун маҳалласида яшовчи Шуҳрат Тўраев, Ўба-Чўли маҳалласида яшовчи Носир Ҳайдаров, Баҳоуддин Нақшбанд маҳалласида яшовчи Баҳром Ёдгоров, Сараён маҳалласида яшовчи Саид Нарзиев, Туткунда маҳалласида истиқомат қилаётган Ахтам Фозиловларни алоҳида кўрсатиш мумкин. Йил бўйи астойдил экин ерида ишлаб, керак бўлса “йўқни йўндириб”, пировардида пешона тери эвазига баракали ҳосил етиштираётган аҳоли хонадонлари миришкорлари булар. Мазкур хўжаликларда жорий йил қиш ойларидан плёнка остида картошка, помидор, пиёз, булғор қалампири, яна бошқа маҳсулотлар етиштирилаётганини кўриш мумкин. Улар орасида лимон етиштиришда пухта тажрибага эгалари бор.
Туманда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу кунларда “Когон” маҳалла фуқаролар йиғинида ишсиз, кам даромадли оилалар аъзоларидан иборат 34 нафар фуқаро “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида имтиёзли кредит маблағи билан таъминланиб, улар ҳар бирига 5 сотихдан иссиқхона қуриб берилмоқда.
Барпо этилаётган иссиқхоналарда бозорбоп ва талаб юқори бўлган қишлоқ хўжалиги сабзавот-полиз маҳсулотлари, кўкатлар етиштириб даромад топиш мақсад қилинган. Бу билан нафақат ички бозорга маҳсулот чиқарилади, балки аҳолига доимий даромад манбаи яратилади. Ҳудудда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли ижтимоий барқарорлигини таъминлашда ҳам иссиқхона муҳим бир воситадир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









