Бухоро тумани: “Зарманоқ”да Содиқ Одинаев ҳам қўзиқорин етиштириб, яхши фойда кўрмоқда
2025-12-23 13:15:00 / Янгиликлар
Қоронғи ва салқин хонада етиштирилаётган, полиэтилен қопчаларни ёриб чиқиб бўй кўрсатаётган қўзиқориндан бир йил давомида ўртача 4–5 марта ҳосил олиш, меҳнатга яраша фойда кўриш имконияти бор. Атиги 0,5 сотих ерда бошланган “вишенка” навига мансуб қўзиқорин етиштиришдан тахминий ҳисоб-китобга кўра, 15 миллион сўмга яқин даромад олиш мумкинлиги аллақачон тажрибада синовдан ўтган.

Бухоро тумани, “Зарманоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Содиқ Одинаев ҳам айни кунда хонадони атрофидаги бўш жойдан унумли фойдаланиш мақсадида қўзиқорин “бизнеси”ни бошлаган. Албатта, бу иш оила моддий эҳтиёжларини қоплашда ҳам фойдали, даромадбоп.
“Вишенка” серҳосил навига мансуб қўзиқорини етиштиришда катта майдон талаб қилмайди, қисқа муддатда ҳосил беради ва бозор талабига мос келади. Меҳнатсевар тадбиркор қўзиқоринларни етиштириш жараёнида белгиланган агротехник қоидаларга қатъий амал қилади. Етиштирилган маҳсулот сифатли бўлиб, маҳаллий бозорда харидоргирлиги билан ажралиб туради.
— Қўзиқорин етиштириш унчалик мураккаб жараён эмас, — дейди Содиқ Одинаев. — Чигит қипиғи, яъни шелуха билан тўлдирилган полиэтилен қопчаларга экилган уруғ 40 кун ичида ҳосилга кириб, тайёр бўлади ва чиқариб сотиш мумкин. Шу боис, бу ўзига хос ишда барқарор ҳосил ва даромад мавжуд. Ҳозирда хўжалигимизда қўзиқориннинг “вишенка” туридан 2 сотихдан иборат ерда етиштириб, 3-4 тоннагача ҳосил олишни кўзлаганмиз.
Мутахассислар фикрича, ўзида гелвелат кислотаси мавжуд замбуруғлар, жумладан, “Вешанка” ва “Шампиньон” навига мансуб қўзиқоринни олдин сувда қайнатиб, сўнг бемалол турли таомлар тайёрлаб истеъмол қилиш мумкин. Маданий шароитда етиштирилган қўзиқоринлар санитария-эпидемология хизмати лабораторияларида текширувдан ўтказилиб, зарарсиз деб топилгандан кейингина сотувга чиқарилади. Одамлар ўзи билар-билмас териб олган қўзиқоринларни овқатга ишлатишдан эҳтиёт бўлиши керак. Қўзиқоринларнинг фойдали хусусиятлари жуда кўп. Мисол учун, бу маҳсулот иммунитетни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади. Улардаги лецетин моддаси томирларни тозалаш ва холестеринни камайтиришга ёрдам беради, атеросклерознинг олдини олади.
Содиқ Одинаевнинг тажрибасига келсак, у маҳаллада кўпларга намуна бўлиб, бор имкониятдан унумли фойдаланиш ҳаракатида бўлган фуқароларни меҳнат орқали даромад топишга руҳлантирмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









