“Йил аёли”, “Гендер тенглик фаоли”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” республика танловларининг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди
2025-12-23 09:30:00 / Янгиликлар

Жамиятда аёллар ўрни ва мавқеини оширишда маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларининг ролини ошириш, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, оилаларни мустаҳкамлаш ҳамда бу борада салмоқли натижаларга эришаётган маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари тажрибасини оммалаштириш, “Аёллар дафтари” тизими доирасида хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этишда ўзининг фидокорона меҳнати билан барчага намуна кўрсатган маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларини муносиб рағбатлантириш мақсадида “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” республика танлови эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2022 йил 27 апрелдаги қарорига мувофиқ ташкил қилинган жорий йилги “Йил аёли” миллий танловида Бухоро вилояти шаҳар ва туманларидан 125 нафарга яқин аёлларимиз иштирок этган бўлса, шундан 44 нафари вилоят босқичига саралаб олинган. “Гендер тенглик фаоли” миллий танловига эса 40 нафардан зиёд талабгор ҳужжат топширган.
“Энг яхши хотин-қизлар фаоли” республика танловининг Бухоро вилоят босқичида 516 та маҳаллада фаолият юритаётган 332 нафар маҳалла хотин-қизлар фаолларидан 13 нафари ғолибликни қўлга киритган. Вилоят босқичига ўтган талабгорлар танлов комиссиялари томонидан ўрганилиб, ғолиблар аниқланди.
Бухоро давлат тиббиёт институтида “Йил аёли”, “Гендер тенглик фаоли”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” республика танловларининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда муваффақият қозонган хотин-қизларни вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳафиза Артикова, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Жамол Носиров, Ўзбекистон Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Бухоро вилояти кенгаши раиси Зулфия Тўевалар табрикладилар.
Тадбирда таъкидланганидек, инсон қадрини улуғлаш, аввало, аёлга ҳурмат ва эҳтиром, мўътабар оналаримизни эъзозлаш, мунис опа-сингилларимизни қадрлаш орқали рўёбга чиқади, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар аёлларнинг бахти асосига қурилмоқда, десак адашмаган бўламиз.
Юқоридаги фикрларимиз эътирофи сифатида вилоятимиз бўйича айни пайтда 262 нафар хотин-қиз раҳбарлик лавозимларига заҳирага олинган, 60 нафар хотин-қиз раҳбарлик лавозимларига тавсия этилган, шундан 20 га яқин хотин-қиз раҳбарлик лавозимларига тайинланган. Иқтидорли қизларимиз сони мингдан ошди.
Айни пайтда вилоятимиздаги 5 та давлат олий таълим муассасасида ҳамда 6 та нодавлат олий таълим даргоҳида фаолият юритади. Вилоятимизда сенатор, давлат олий таълимида ректор, шунингдек, проректор аёлларимиз бор. Давлат олий таълим тизимида 60 нафарга яқин профессор аёллар, 200 дан ортиқ доцент, 450 нафарга яқин PhD илмий даражасидаги, яна ўнлаб DSc докторант хотин-қизларимиз фаолият юритишмоқда.
Ҳар учала танлов йил сарҳисоби ҳамдир. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Хотин-қизлар оила ва гендер комиссияси ҳамкорлигида “Аёл – меҳр-садоқат ва тараққиёт тимсоли” шиори остида бўлиб ўтган маънавий-маданий тадбирда танлов ғолиблари тантанали равишда тақдирландилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









