Олот: “Арабхона”да Қурбоновлар оиласи ҳам иссиқхона ва паррандачиликдан барака топмоқда
2025-12-22 22:40:00 / Янгиликлар
"Арабхона" МФЙ да истиқомат қилувчи Қурбоновлар хонадонида 5 сотих майдонда ташкил этилган иссиқхона хўжалиги бугунги кунда оиланинг барқарор даромад манбаига айланган. Айни янги йил байрами арафасида иссиқхонада етиштирилган исмалоқ ва кўкатлар нафақат хонадон, балки маҳалладошлар дастурхонига ҳам тортиқ қилинмоқда.

Айни кунда плёнка остида яшнаб турган кашнич, шивит, кўкпиёз, саримсоқпиёз каби кўкатлар умумий ҳисобда 25 миллион сўм даромад келтириши кўзда тутилган. Кўкатлардан бўшатилганидан кейин бу ерни қайта тайёрлаб, эртанги картошка экишга киришилади.
Бундан ташқари, хонадон томорқа ерида лимон етиштириш ҳам йўлга қўйилган бўлиб, шу йилги мавсумда 300 килограмга етказиб цитрус мева ҳосили олингани оилавий иссиқхона самарадорлигини оширмоқда.
—Иссиқхонада ҳосил етиштиришнинг ўзига хос қийинчилиги бор, албатта. Аввало тупроқ унумдорлигига эътибор бериш, уруғ саралаб экиш, агротехник тадбирларни тартибли бажариш тақозо қилинади,—дейди хонадон соҳиби Қурбон Эшбоев.—Шунда масалан, жорий йилги мавсумда иссиқхонамиздан 50 миллион сўмдан орттириб даромадга эришдик. Бу билан оиламиз моддий эҳтиёжларини қондирмоқдамиз.
Қурбоновлар хонадонида фақат иссиқхона билан чекланиб қолинмасдан, паррандачиликка ҳам эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ноёб “брама” зотига мансуб 40 бош товуқ парваришланмоқда. Гўшт йўналишидаги ушбу паррандаларнинг ҳар бири ўртача 4–5 килограмм вазн тўплаши мумкин. Шунингдек, алоҳида катакда 10 бошдан ортиқ курка ҳам боқиб парваришланаётгани айни янги йил дастурхонини сархил гўшт билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Хонадон соҳибининг айтишича, баҳор, ёз ойларида “брама” товуқларининг тухумлари алоҳида талабгир бўлиб, оддий тухумга нисбатан 3–4 баробар қимматроқ нархда сотилади. Харидорлар ҳатто навбат кутишига тўғри келмоқда, бу ҳам бир оила учун қўшимча фойда. Хулоса шуки, Қурбоновлар хонадонидаги иссиқхона ва паррандачилик фаолияти ҳудудда оилавий тадбиркорлик, даромад топиш, бандликни таъминлашнинг ёрқин намунаси.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







