Шофиркон: Ёшлар ишлари агентлигининг янги биноси қурилмоқда
2025-12-22 20:05:00 / Янгиликлар

Шофиркон тумани ҳокими қарорига мувофиқ, ҳудудда ёшлар учун замонавий инфратузилма яратиш, улар бошини қовуштириш, ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида туман марказий ўйингоҳи ва Давлат хизматлари маркази биноси ёнидан алоҳида ер майдони ажратилиб, қурилиш ишлари бошланганига кўп бўлмади.
Мазкур “Ёшлар маркази” иншооти лойиҳаси учун молиялаштириш манбаси сифатида Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими томонидан 1,5 миллиард сўм маблағ “Open budjet” танловида ютиб олинган. Шу йил сентябрь ойида бошланган қурилиш ишлари маҳаллий пудратчи “Gulistonobod qurilish gold servis” МЧЖ томонидан олиб борилмоқда.
Лойиҳага биноан, “Ёшлар маркази”да замонавий ахборот технологияларини ўрганиш, техникага қизиқувчи навқирон авлод учун робототехника, “book kafe”— китоб мутолааси, спортсеварлар учун шахмат-шашка, стол тенниси тўгараклари, шунингдек, ёш билимдонларнинг “Заковат клуби” курслари ташкил этилиши кўзланган. Мазкур бино ва мажмуаларда яратилаётган шарт-шароит ёшларнинг инновацион ғояларини ривожлантириш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, касбий кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу маскандаги фаолият эса мазкур бинода иш олиб борадиган Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими томонидан мувофиқлаштирилади.
Айни кунда туман ҳокимлиги томонидан 7 сотихдан иборат мазкур ер майдонида барпо қилинган икки қаватли бинода бораётган сўнгги пардозлаш ва жиҳозлаш ишлари мувофиқлаштирилмоқда. Бор куч ва имконият мазкур марказни сифатли ва қисқа муддатда фойдаланишга топширишга қаратилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





