Хитойнинг “Guangzhou public transport group” компанияси делегацияси Бухорода
2025-12-22 14:10:00 / Янгиликлар

2024 йил якунлари бўйича мазкур кўп тармоқли компаниянинг умумий йиллик даромади 1,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда.
“Guangzhou public transport group” (GPTG) компанияси вакилларидан иборат делагация жорий йил 20-24 декабрь кунлари юртимизда, жумладан, вилоятимизда бўлиб, инвестиция муҳити, хорижий бизнес вакилларига яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишмоқда.
Бугун мазкур компания делегацияси Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Ризо Асадов билан учрашиб, музокара олиб борди. Мулоқотда GPTG ва маҳаллий транспорт компаниялари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, вилоятда транспорт логистика марказини ташкил этиш, электромобиллар учун қувватлаш станцияларини барпо этиш, шунингдек, шаҳарда жамоат транспорти хизматини яхшилаш, соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортига доир таклифлар муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, хитойлик ишбилармон доира вакиллари делегацияси раҳбари, “Guangzhou public transport group” компанияси генерал директорининг ўринбосари Лиу Веи самимий қабул ва меҳмондўстлик учун вилоят ҳокимлигига ўз миннатдорлигини билдириб, яқин ойларда қатор жабҳаларда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканлигини баён қилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








