Шофиркон: пахтаободлик Иброҳимовлар оиласи иссиқхонадан 5 тоннадан ортиқ помидор олиш тараддудида
2025-12-20 20:15:00 / Янгиликлар

Такрорий экин сифатида шу йил сентябрь ойида томорқачи оила аъзолари серҳосил “Азра” навига мансуб помидорнинг 1 750 дона кўчатини экиб, парваришни давом этирдилар. Бугунга келиб яшнаб турган жўякларда помидор қизариб пишмоқда. Деҳқон оила аъзолари ҳар бир туп кўчатдан ўртача 3,5 килограммдан, иссиқхонадан қарийб 6 тонна ҳосил олиш ҳаракатидалар.
Иссиқхона хўжалиги ҳисоб-китобни ёқтиради. Дейлик, помидор кўчати 2 300 сўмдан харид қилинган бўлиб, ҳадемай, пишиб етилган ҳосил бозорда аҳоли янги йил дасурхонига 20 минг сўмдан сотилиши мўлжалланган. Бундан умумий тушум 120 миллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Сарф-харажатга келсак, даромаднинг 40 миллион сўми ишлаб чиқариш харажатларига, жумладан, кўмир, минерал ва органик ўғитлар, озуқа воситалари, кўчат хариди, электр энергияси, ер тайёрлаш ишларига йўналтирилади. Қарабсизки, тадбиркор бир мавсумдаги пешона тери эвазига 80 миллион сўм атрофида соф фойдага эга чиқади.
Помидор экишдан бошлаб ҳосилни йиғиб олишгача бўлган жараён 4 ойдан чўзилади. Иссиқхонада ҳосилдорликни ошириш мақсадида энергия тежамкор иситиш тизими ҳамда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган бўлиб, бу сув ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш имконини бермоқда.
Эътиборлиси, Илғор Иброҳимов тадбиркорлик фаолиятини бир йўналиш билан чеклаб қолмаган. У 2024 йилда ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси тавсиясига асосан, ҳудудда ташландиқ ҳолда бўлган зовур ер майдонини 10 йил муддатга ижарага олиб, бу ерда балиқчилик хўжалигини йўлга қўйган. Ҳовузга 3 мингта атрофида балиқ чавоғи ташланса, бир йиллик парваришдан сўнг бу 4 тонна “луқмаи ҳалол” бўлиб етилади. Бозорда балиқнинг нархи аён, демак, бу ташаббус ҳам оила моддий манфаатдорлигига хизмат қилади.
Иссиқхона томорқачилигида катта тажрибага эга Илғор Иброҳимов шу кунларда қўшимча иссиқхона қуриш, бунинг учун аввало ер майдони олиш ҳаракатига тушган. Маҳаллада оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, томорқа еридан самарали фойдаланиш борасида бу каби ибратли саъй-ҳаракат давом этмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









