Бухоро шаҳри: Ғафур Ғулом маҳалласида яшовчи Азима Мирзаева тикув цехини очди
2025-12-20 17:00:00 / Янгиликлар

Халқимизда “Ҳунарли киши хор бўлмас” деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, ҳунарни пухта эгалаган киши ҳеч қачон кам бўлмайди. Ўрганилган касб-кор қанча сарф қилинмасин, камайиб қолмайди. Тайинли ҳунар доимий даромад манбаи, фаровон турмуш воситаси ҳамдир.
Ана шундай, ўз касбининг моҳир усталаридан бири Азима Мирзаева—вилоят марказидаги Ғафур Ғулом маҳалласида истиқомат қилади. У ўзининг меҳнатсеварлиги, ташаббускорлиги ва интилувчанлиги билан тикувчилик соҳасида муносиб натижаларга эришмоқда.
Тадбиркор аёлга айланган чеварнинг ташаббуси маҳалла маъмурияти томонидан қўллаб-қувватланиб, унга субсидия асосида тўғри чок ва “оверлок” тикув машиналари олиб берилган. Натижада тикувчилик фаолияти йўлга қўйилди. Дастлаб уй шароитида иш бошлаган Азима Мирзаева кейинчалик фаолият кўламини кенгайтириб, ижарага алоҳида жойига эга бўлиб, тикув цехини ташкил этди. Муҳими, бу цехда чеварнинг ўз қизи билан бирга бугун 2 нафар қўни-қўшни тикувчининг бандлиги таъминланмоқда.
Азима Мирзаеванинг тикувчилик фаолиятидан олинаётган ойлик соф фойдаси 5-6 миллион сўмни ташкил этмоқда. Кунлик тушаётган буюртмалар ўз вақтида бежирим тикиб тайёрланиб, мижозлар ишончи қозонилмоқда. Ишчиларга эса улар меҳнатига яраша, муносиб иш ҳақи тайинланган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати



