Қоракўл: "Янги Ўзбекистон" массиви кенгаймоқда
2025-12-20 15:50:00 / Янгиликлар

Аҳоли талаб ва мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда Қоракўл туманидаги "Янги Ўзбекистон" массивида умумий 240 хонадондан иборат бир даҳлизли ва ҳар бири 5 қаватдан иборат 12 та турар жой қурилиши ўтган йилдан бошланган. Айни кунда ҳудудда пудрат корхоналари бинокорлари қурилиш-бутлаш, жиҳозлаш ишларини олиб бормоқдалар. Туман ҳокимлиги эса бу жараёнда кундалик назорат ва қурилиш, ободонлаштириш ишларини мувофиқлаштириб бормоқда.
Қайд этиш лозимки, айни кунда чекка тумандаги “Янги Ўзбекистон” массивида 426 та хонадонга мўлжалланган 19 та кўп қаватли замонавий турар жой мажмуасига кўплаб оилалар кўчиб келишни бошлаган. Жорий йил якунига қадар ҳар бири беш қаватдан иборат, яна 3 та турар жой иншооти, 69 та хонадон фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Бу шинам квартиралар бошланғич бадал ва тижорат банки имтиёзли кредит маблағи эвазига эгаларига топширилаётгани аҳоли учун ҳам қулай имкониятдир.
Асосийси, келгуси 5 йил давомида эса бу ердаги кўп қаватли турар жой сони 70 тага, аҳоли хонадонлари эса 1400 тага етказилаётгани, ҳудудда зарур инфратузилмани яратиш, болалар боғчаси, умумтаълим мактаби, тиббиёт поликлиникаси ва бошқа муҳандислик коммуникация тармоқларига бўлган эҳтиёжни қондирмоқда.
Маълумотларга тўхталсак, ўтган давр мобайнида массивда 330 ўринга мўлжалланган таълим маскани, шунингдек, 240 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти, давлат-хусусий шерикчилиги асосида яна 120 ўринли замонавий болалар боғчаси ва кунига 100 қатнов ўрнига мўлжалланган оилавий поликлиника бинолари ҳам қуриб битказилган. Айни пайтда массив ҳудудини ободонлаштириш, қурилиш ишларини сифатли ва белгиланган муддатда якунлаш ишлари жадал бормоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








