Ботир Зарипов хитойлик сармоядорларни қабул қилди
2025-12-18 21:25:00 / Янгиликлар

Хабар берганимиздек, айни пайтда Хитойнинг “Yongtai modern agriculture Co., Ltd” kompaniyasi генерал директори Van Chensyan, “Kashi Changsheng Technology Co., Ltd” компанияси бошлиғи Juan Chjenshen, “Xinjiang Choumian Seed industry Co., Ltd” компанияси бошлиғи Yan Chjen Yan, “Xinjiang Kashi Hongtong Pipe industry Co.,Ltd” компанияси бош директори Syuy Shiy каби йирик сармоядорлардан иборат делегация Бухорода бўлиб турибди.
Қайд этиш лозимки, мазкур компаниялар агросаноат мажмуасида пахтани йигирув, тўқимачилик ва тикувчилик саноати тармоғидаги йирик ишлаб чиқарувчилар ҳисобланади. Аниқроғи, улар пахта саноати ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш “занжири”ни бошқариш билан шуғулланадиган компаниялар ҳисобланади.
Хитой компаниялари Бухоро вилоятида чўл-яйлов ерларини ўзлаштириш ҳисобига пахта етиштириш ва қайта ишлаш бўйича сармоя киритишни режалаштирмоқда.
Пахта далалари ва толаларни қайта ишлаш заводлари 20 минг гектар майдонни эгаллайди. Хитойликлар у ерда пахтанинг юқори ҳосилдор навини етиштиришни мўлжалламоқда.
Инвестиция лойиҳаси тафсилотлари Хитой делегациясининг вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан кечган учрашувида кенг муҳокама қилинди. Томонлар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ва тегишли ер участкаларини танлаш тўғрисида келишиб олдилар.
Бугун инвесторларга Пешку ва Шофиркон туманларида бўлиб, фойдаланишдан чиққан, бироқ хорижий тажриба асосида ҳосил етиштириш имкони мавжуд чўл ерларини кўздан кечиришди. Эртага хорижий мутахассислар тавсия қилинган навбатдаги ҳудуд – Ғиждувон туманида ўзлаштирилмаган ерларни ўрганиш, мавжуд инфратузилма билан яқиндан танишишади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









