Анжуман Туркия ва Ўзбекистонда олима аёллар илмий-амалий фаолиятига бағишланди
2025-12-18 18:50:00 / Янгиликлар

Тадбирнинг очилиш қисмида “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъатини тарғиб этиш маркази директори Лутфия Мирзаева, Истанбул университети профессори, “Умай она” Турк дунёси аёллар бирлиги ҳамда Аёл академиклар уюшмаси (ТÜРККАБ) раиси, профессор Муалла Уйду Южел ҳамда Бухоро инновациялар университети ректори, профессор Дилноза Рўзиева сўзга чиқиб, аёлларнинг академик муҳитдаги ўрни, халқаро илмий ҳамкорлик ва замонавий таълимдаги долзарб вазифалар ҳақида фикр билдирдилар.
Семинарнинг биринчи сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги вакили, профессор Абера Ҳусейнова, Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи, профессор Ҳафиза Артикова, Тошкент амалий фанлар университети доценти, “Шуҳрат” медали соҳибаси Зиёда Ғаффорова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги “Тадбиркор аёллар клуби” раиси Мамлакат Содиқова, Бухоро давлат педагогика институти профессори Дилдора Аҳмедова ҳамда “Зумрад” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Зумрад Кенжаевалар маърузалари тақдим этилди.
Маърузаларда Ўзбекистонда аёл олималарнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги ўрни, аёлларни қўллаб-қувватлаш механизмлари, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, илмий фаолиятдаги муаммолар ва фуқаролик жамиятидаги фаоллик масалалари кенг ёритилди.
Семинарнинг иккинчи сессиясида Туркиянинг Истанбул ва Галатасарой университетлари, қардош юртнинг Билежик Шайх Эдебали университети, Анқара Ҳожи Байрам Вели университети ва Қирқарели университети профессор-ўқитувчилари — Айсел Илгин, Эбру Зерен, Дилара Услу, Машкура Йилмаз, Камелия Текне ҳамда профессор Муалла Уйду Южел томонидан Туркияда аёл академикларнинг бугунги фаоллиги, илмий изланишлари, халқаро қиёсий таҳлиллар, аёллар тадқиқот марказлари фаолияти, илмий адабиётлар ва илм-фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшган аёл академиклар фаолияти юзасидан муҳим хулосалар билдирилди. Тадбир аёл академиклар салоҳиятини ошириш ва икки давлат ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









