Жондор: “Чорзона”да замонавий маданият маркази иш бошлади
2025-12-17 20:25:00 / Янгиликлар

Чунончи, ҳар бир туманда кинозали, кутубхона, турли тўгаракларни ўзида жамлаган маданият марказини барпо этиш, ҳудудларда маданий тадбирларни мунтазам ташкиллаштириш ва ёшларни санъатга жалб қилиш бўйича қатор тавсия ва топшириқлар берилган эди. Бу борада Жондор туманида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ўтган йил бошида туман марказидаги “Зарафшон” МФЙ, Маҳмуд Торобий кўчаси, 77-уй манзилида икки қаватли, 16-сонли маданият маркази қайта чирой очган, унда туманнинг 3 та халқ бадиий ҳаваскорлик жамоаси, яъни, “Жондор” фольклор дастаси, “Дилдор” ашула ва рақс ансамбли, “Эътиқод” халқ театри шу бинода фаолият юритиб келаётганди.
Зарур инвентарлар, қаттиқ ва юмшоқ мебель, шунингдек, тўгараклар учун мусиқа асбоблари билан жиҳозланган маданият маркази айни кунда 180 нафар баркамол авлод вакилини секцияларга қамраб олиш имкониятига эга. Марказда 400 ўринли кино зали таъмирдан чиқарилиб, алоҳида жиҳозланган. Эътиборлиси, бу ерда 21 нафар ижодий ходим, педагог ёш авлод таълим-тарбиясига жалб қилинган.
Худди шундай, эндиликда туман марказидан 13 километр узоқликдаги “Чорзона” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам 17-сонли маданият маркази мослаштирилган бинода қайта чирой очди. Туман ҳокимлиги ва ҳомийлар томонидан 1,7 миллиард сўм маблағ ажратилган мазкур бино қурилишида пудратчи "Иброҳим Нодирабегим юлдузи" МЧЖ ишчи-мутахассислари жонбозлик кўрсатдилар. Бугун иншоотни фойдаланишга топшириш тадбирида вилоят ҳамда туман мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар иштирок этдилар.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Шаҳриёров барчани шинам иншоот ва ундаги имкониятлар билан табриклаб, мазкур маданият марказининг ҳудуд аҳолиси маънавий-маърифий ҳаётини юксалтириш, айниқса, санъат ва мусиқага, бадиий ижодга қизиқиши бўлган ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашдаги аҳамияти хусусида тўхталди.
Шундан сўнг алвон лента қирқилиб, йиғилганлар маданият марказида яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар.
Мусиқа ва санъатга ошуфта баркамол авлод учун марказда анъанавий хонандалик, рақс, драма, анъанавий чолғу асбоблари, дойрачилар тўгараклари, қизлар учун қўл меҳнати тўгараклари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Маскан ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ижодий тўгараклар фаолиятини ривожлантириш ва миллий қадриятларни тарғиб этишга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









