Когон шаҳар: газ қуйиш шахобчасида ўқув тактик қутқарув тадбири ўтказилди
2025-12-16 09:40:00 / Янгиликлар

Бундай ҳодисалар асоратли ва ўзидан катта миқёсдаги зарар етказиши барчани ҳушёрликка чорлайди. Когон шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш давлат қуйи тизими хизматлари билан ҳамкорликда ҳудуддаги “Saneg” автомобилларга сиқилган газ қуйиш шахобчасида ўтказилган амалий машғулотлар “Табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда объект раҳбарияти ва тузилма хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари мавзусига бағишланди.
Машғулотлар давомида шартли равишда газ компрессорида содир бўлган авария вақтида тузилмаларининг ҳаракатлари амалга оширилди. Дастлаб аврия тўғрисида тегишли ташкилотлар хабардор қилинди. Хабарга асосан авария содир бўлган газ қуйиш йўлагидаги ёнғинни бартараф этиш мақсадида фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда тегишли хизматлар етиб келди. Биринчи нуқтадаги автомобилда содир бўлган ёнғин тезликда бартараф этилди. Зудлик билан электр таъминоти ходимлари томонидан электр манбаси ўчирилиб, компрессор хонасидаги шартли ёнғинни ўчиришга киришилди.
Бу каби ёниш портлаш хавфи мавжуд объектларда ёнғинларнинг юзага келиши жуда хавфли жараёндир. Сабаби ўз вақтида олди олинмаган ёки бартараф этилмаган “тилсиз ёв” кенг ёйилиши ва катта талофатларга сабаб бўлиши мумкин. Шу куни газ сиқув компрессорида юзага келган ёнғин қутқарув автомашиналари ёрдамида бартараф этилди.
Жабрланганлар фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув отряди томонидан қутқарилди ва уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди. Газ таъминоти хизмати зудлик билан тизимдаги аварияларни бартараф этди.
Бундай амалий тактик машғулотларни ўтказишдан асосий мақсад содир бўладиган ёнғинларни тез фурсатларда ва кам талофатлар билан бартараф этишдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









