Шофиркон: “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 1 миллион тупдан зиёд кўчат ўтқазилмоқда
2025-12-15 11:15:00 / Янгиликлар
Юртимизда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўкаламзорлаштириш ишлари жадаллашди. Экологик барқарорликни таъминлаш ва яшил майдонларни кенгайтириш мақсадида амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Шофиркон туманида ҳам кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Жорий мавсумда туманда ўтқазилиши режалаштирилган 1 миллион 100 минг дона кўчатнинг 80 фоизга яқини ўтқазилди.

Туманда кўчат ўтқазиш ишлари барча йўналишларда босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Фермер хўжаликларига 165 минг, боғ ва токзорлар барпо этиш учун 54 минг дона кўчат ажратилди. Маҳаллаларда 150 минг ниҳол ўтқазилиши белгиланган бўлса, Ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги ҳудудларга 47 мингдан ортиқ кўчат ўтқазилмоқда. Ўрмон фонди ерлари учун эса 274 минг дона кўчат ажратилган.
Шунингдек, автомобиль йўллари бўйлари бўйлаб 17 минг, канал ва ариқлар атрофини кўкаламзорлаштириш мақсадида қарийб 20 минг дона кўчат ўтқазиш ҳаракати бормоқда. Мактаблар, боғчалар, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда техникумлар ҳудудида жами 22 минг тупга яқин кўчат ўтқазилмоқда. Тижорат банклари ва чиқинди полигонлари ҳудудига эса яна 16 минг туп ниҳол ажратилган. Туманда янги тутзорлар барпо этиш бўйича ҳам 94 минг туп кўчат ўтқазиш ишлари давом этмоқда.
“Яшил макон” доирасидаги навбатдаги амалий тадбир “Мингчинор” ҳудудида ташкил этилди. Туман ҳокимлиги, корхона-ташкилотлар меҳнат жамоалари иштирокида давлат ўрмон хўжалиги агентлигининг туман бўлими тасарруфидаги 20 гектар майдонда 17 минг туп кўчат ўтқазилиши режалаштирилган бўлиб, тадбир давомида 3,5 гектар майдон тозаланиб, 2 минг туп ниҳол ўтқазилди.
Шу куни кўчат ўтқазиш тадбирида ўрмон хўжалиги ходимлари билан бирга 200 нафарга яқин фуқаро иштирок этди. Ишларни сифатли ташкил этиш учун 10 тага яқин махсус техника жалб қилинди.
Шофиркон туманида амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш ишлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ҳудудларда давом эттирилаётгани далолати. Бугун ўтқазилаётган ҳар бир туп ниҳол келгусида туманнинг экологик муҳитини яхшилаш, маҳалла ва қишлоқларни кўкаламзорлаштириш, аҳолининг ҳаёт сифатини оширишга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




