Бухорода “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” кенг нишонланди
2025-12-13 22:45:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан Бухоро шаҳридаги “Рудизар” тантаналар мажмуасида файзли дастурхон ёзилиб, мусиқий байрам тадбири ташкил этилди.
Унда ўзларининг машаққатли ва фидокорона меҳнатлари билан вилоят аҳлининг фаровон ҳаёти йўлида хизмат қилаётган, юртимизда соҳани ривожига ҳисса қўшаётган қишлоқ хўжалиги фидойилари, жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган вилоят ҳокими Ботир Зарипов соҳа вакилларини қишлоқ хўжалик ходимларини эришган муваффақиятлари, соҳадаги ютуқлари билан қизғин табриклади.
Фидокорона меҳнати билан тупроқдан ноз-неъмат ундириб, халқимиз дастурхонини тўкин қилиб келаётган миришкор деҳқон ва фермерлар, моҳир боғбон ва чорвадорларга, омилкор агроном ва механизаторлар, кластерларнинг тажрибали раҳбарлари ва ходимлари, соҳа фахрийларига ўзининг ҳурмат-эҳтиромини ва эзгу тилакларини билдирди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда глобал иқлим ўзгаришлари, табиий офатлар, ер ва сув ресурслари тақчиллиги қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Ана шундай мураккаб шароитга қарамасдан, жорий йилда вилоятимизда 525 минг тонна дон, 402 минг тоннадан ортиқ пахта, 1,3 млн тоннадан зиёд сабзавот ва полиз, 570 минг тонна мева ва узум, 280 минг тонна картошка, 330 минг тоннадан кўп гўшт ва 1,2 млн тоннадан зиёд сут, 3,2 минг тонна пилла етиштирилди.
-Албатта, бундай улкан ютуқларга эришишда Ҳурматли Президентимиз томонларидан кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги ривожига берилаётган юксак эътибор, тармоқда туб таркибий ўзгаришлар амалга оширилаётганлиги муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, соҳага илғор агротехнологиялар, илм-фан ва инновация ютуқлари кенг жорий этилаётгани ижобий натижа бермоқда. Бу йил 31 минг гектар майдонда касаллик ва зараркунандаларга чидамли серҳосил ғўза навлари экилиб, улардан мўл ҳосил етиштирилгани бу фикрни яққол тасдиқлайди. Ғаллачиликда ресурс тежайдиган замонавий агротехнологияларни қўллаш натижасида ўртача ҳосилдорлик 80 центнерга етказилди. 1 000 дан ортиқ тажрибали фермерларимиз бу борада 90-100 центнерлик маррани забт этганларини алоҳида таъкидлаш лозим,-деди Ботир Зарипов.
Қайд этилганидек, ресурсларни тежайдиган интенсив технологиялар асосида 8 минг гектар майдонда сабзавот етиштирилиб, ҳосилдорлик анъанавий усулга нисбатан 200-250 центнерга ошгани, соф даромад гектаридан 6-8 минг долларни ташкил этгани ҳам муҳим ютуқларимиз қаторига киради.
Йил давомида қишлоқ хўжалиги субъектларига 1 трлн сўм имтиёзли кредит ва 65 миллиард сўм субсидия ажратилгани, умумий қиймати 195 млрд сўмлик 287 дона юқори унумли замонавий техника ва агрегатлар етказиб берилгани ҳам мавсумни самарали якунлашда муҳим омил бўлди.
Шунингдек, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун 20 минг гектар ер майдонлари 80 минг нафардан ортиқ ижтимоий муҳтож аҳоли ҳамда ёшларга бўлиб берилгани ва 100 мингдан зиёд иш ўрни яратилгани қишлоқда бандликни таъминлаш, реал даромадларни ошириш, камбағалликни қисқартиришда муҳим роль ўйнамоқда.
Томорқачиликда даромадни ошириш мақсадида 117 та маҳалла “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ихтисослаштирилди.
Чорва наслини яхшилаш ва маҳсулот ҳажмини кўпайтириш учун аҳолига 14 минг бош қорамол, 23 минг бош қўй ва эчки етказиб берилди, четдан 14 минг бош зотдор моллар олиб келинди.
Мухтасар айтганда, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида жорий йилда қишлоқ хўжалиги экинларидан аҳолимиз 47 трлн сўм даромад олди.
Албатта, бундай кенг кўламли фидокорона меҳнатлар юксак эътироф ва мукофотга лойиқдир. Шу боис, Президентимиз томонидан бухоролик деҳқонларнинг ҳам меҳнати муносиб баҳоланиб, жорий йилда кластер раҳбарлари ва миришкор-деҳқонлар, уста томорқачилар давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланишди.
Ҳосил байрамида аграр соҳада фидойилик намунасини кўрсатаётган бир гуруҳ соҳа вакилларига “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидоийси”, “Ўзбекистон Республикаси ветеринария фидойиси”, “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги аълочиси”, “Илғор фермер” кўкрак нишонлари тантанали тарзда топширилди. “Buxara Varnet” масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонаси таъсисчиси Хуршит Илясга “Фахрий фуқаро” мақоми берилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилди.
Шунингдек, фидокорона меҳнатлари билан соҳа ривожига ҳисса қўшган фахрийларга ҳам алоҳида эҳтиром кўрсатилди.
Бундан ташқари, соҳа ходимлари ва мавсум давомида жонбозлик кўрсатган масъулларга вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси, қимматбаҳо совғалар топширилди.
Тадбир вилоятимиз санъат усталари, таниқли эстарада хонандалари иштирокидаги концерт дастурига уланиб кетди. Санъаткорларнинг хонишлари байрамга ўзгача руҳ бахш этди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









