Шофиркон: 33-сонли умумтаълим мактаби янги спорт залига эга бўлди
2025-12-13 15:50:00 / Янгиликлар

Айнан шу мактаб мураббийи Шароф Ҳомидов бошчилигида енгил атлетиканинг найза улоқтириш йўналишида шуғулланаётган 18 нафар ўқувчи маҳаллий ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда юқори натижаларни қайд этмоқда. Мамлакатимиз Олимпия чўққилари мусобақаларининг турли босқичларида ўқувчилар мунтазам равишда кучли “учлик”дан жой олиб келишмоқда.
Мактаб тарбияланувчилари орасида ёш иқтидор эгаларидан бири Паризода Талабова. У нафақат республика босқичида биринчи ўринни қўлга киритган, балки Баҳрайн давлатида ўтказилган III Осиё ёшлар ўйинларида 53,8 метр натижани кўрсатиб, олтин медални қўлга киритган. Шунингдек, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида ҳам Паризода яна бир бор ғолибликни қўлга киритган бўлса, унинг мактабдоши Фирдавс Фарҳодов коптокча улоқтириш бўйича иккинчи ўринга сазовор бўлди.
Спортда эришилаётган муваффақиятларга қарамасдан, таълим даргоҳи моддий-техник имкониятлари талаб даражасида эмас, шу пайтгача рисоладагидай спорт залига эга эмасди. Ниҳоят, халқ депутатлари вилояти Кенгашининг шу йил 24 февралдаги қарори асосида маҳаллий бюджет қўшимча манбалари, республика буджетидан ажратилган ссуда ва мақсадли маблағ ҳисобидан мактабга замонавий андозадаги спорт зали қуриб бериладиган бўлди.
Гап “Қуйи Чуқурак” МФЙ даги 33-сонли умумтаълим мактаби хусусида бормоқда. Бугунга келиб маскан жисмоний тарбия машғулотларини самарали ўтказиш, спорт мусобақаларини ташкил этиш ҳамда соғлом турмуш тарзини ривожлантиришга хизмат қиладиган 12 метрга 24 метр ўлчамли спорт залига эга. Айниқса, спорт билан мунтазам шуғулланаётган ёшлар учун ҳам бу спорт зали катта қулайлик яратди.
Спорт иншоотини фойдаланишга топшириш тадбирида туман мутасаддилари, халқ таълими масъуллари, мактаб жамоаси ва маҳалла фаоллари иштирок этдилар. Рамзий алвон лента қирқилгач, тадбирда йиғилганлар спорт зални кўздан кечирдилар.
Маълумот учун, бугунга келиб 33-сонли таълим даргоҳида 440 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Улар таълим-тарбияси учун 45 нафар ўқитувчи педагог жалб қилинган. Бунда баркамол авлод вакилларига талаб даражасида таълим бериш мақсадида ўқув синф хоналари, зарур инвентарлар шай қилинган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







