Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаcи ходими Мисаки Аихара бошчилигидаги делегация Бухорода
2025-12-05 14:45:00 / Янгиликлар

Бугунги кунда давлатларимиз ўртасида тиббий кадрларни тайёрлаш, касалликлар муолажаси ва профилактикаси, соҳани рақамлаштириш, тиббиёт соҳаси моддий-техника базасини такомиллаштириш каби қатор йўналишларда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар мамлакатимиз тиббиёт соҳасини янада тараққий этишига хизмат қилмоқда.
Қайд этиш жоиз, япон тиббиётининг эришган ютуқлари, мураккаб жарроҳлик амалиётлари, юқори технологик илғор ташхислаш усуллари бутун дунёда одамлар саломатлигини тиклаш ва касалликларнинг олдини олишда дастуриламал бўлмоқда.
Куни кеча, 4 декабр куни Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходими Мисаки Аихара бошчилигидаги делегацияси вилоятимизда бўлиб, жумладан, республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиали фаолияти билан яқиндан танишди. Ташриф давомида вилоятимизда шошилинч тиббий ёрдам хизмати кўрсатиш сифатини ривожлантириш билан боғлиқ лойиҳаларга асосланган халқаро миқёсдаги ўзаро шартномалар имзоланди.
РШТЁИМ раҳбарияти билан мулоқот чоғида Мисаки Аихара Япония бундан кейин ҳам Ўзбекистонда юқори сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш йўлидаги ҳамкорликка тайёр эканини билдирди. Албатта, мазкур икки томонлама мулоқот ва дўстона муносабатлар Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстона алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









