Бухоро шаҳри: “Тошмачит” маҳалласида ҳам тикувчилик цехлари кенгаймоқда
2025-12-04 21:05:00 / Янгиликлар

Эҳтиёжманд тоифага мансуб оила аъзоларига яратилаётган имконият, тадбиркорлик ташаббусларига кўрсатилаётган кўмак ва янги иш ўринларининг ташкил этилаётгани маҳалладошлар турмуш тарзи яхшиланишига замин яратмоқда. Шу маҳаллада яшовчи ҳунармандлардан бири Барно Авазова.
У тикувчилик ҳунарини даромад манбаига айлантириш борасида ташаббус кўрсатиб, ўз олдига қатъий мақсад қўйган. Маҳалла кўмагида унга тижорат банкидан имтиёзли тартибда 80 миллион сўм кредит маблағи ажратилгани жуда қўл келди. Бу сармоя эвазига у ижарага жой олиб, замонавий тикув машиналари билан жиҳозлади ва чеварлик фаолиятини йўлга қўйди.
Бугунга келиб Барно Авазова иш фаолияти орқали 6 нафар ишсиз аёлнинг бандлигини таъминлади. Яқингача қўлида ҳунари бўлатуриб ишсиз ва даромадсиз қолган чеварлар эндиликда барқарор даромад манбаига эга бўлишди.
Ишчиларининг ҳар бирига 2,5 миллион сўмдан ойлик иш ҳақи тайинланган. Биргина ташаббус ва хайрихоҳлик туфайли маҳаллада ўнга яқин оила ҳалол пешона тери эвазига моддий манфаатдорликка эришмоқда. Улар Барно Авазова раҳбарлигида тикувчиликни ўрганиб, ҳунари ортидан ишлаб кам бўлмаётганидан мамнун.
Ҳозирда моҳир тикувчи аёл цехида ҳар куни буюртма асосида турли хил либослар тикиб тайёрланиб, буюртмачи харидорларга етказилаётгани ҳисобидан ойлик даромад 15 миллион сўмдан оширилмоқда. Барно Авазова сингари чевар ҳунармандлар сафи кенгайгани сари ҳар бир маҳаллада қўл меҳнати ривож топиб, хонадон бекалари турмуш тарзи яхшиланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати



