Олот: Маъмура Эргашова иссиқхонасида булғор қалампиридан 40 миллион сўм даромадни кўзлаган
2025-12-04 16:25:00 / Янгиликлар

Шу йил август ойи ўрталарида бу мўъжаз иссиқхона ери тайёрланиб, унда «тўқсонбости» услубида жами 1 минг 100 туп булғор қалампири кўчати ўтқазилган. Кўчатлар бугунга келиб кўзга кўринарли ҳосил бера бошлаган. Дастлабки йиғим давомида 200 килограммдан ортиқ булғор қалампири сотилган ва уларнинг ҳар бир килограми бозорда ўртача 20 минг сўмдан харидорларга етказилган.
Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, булғор қалампирининг ҳар бир кўчати ўртача 2 килограм ҳосил бериши кутилмоқда. Бу эса иссиқхонада мавсум давомида 40 миллион сўмдан ошириб даромад келтиришидан далолат беради.
Маъмура Эргашованинг айтишича, иссиқхона ташкил этиб, унда ҳосил етиштиришнинг ҳам қийинчилиги бор, албатта. Асосийси, интилиш, меҳнат ва эътибор бўлса, ҳосилга етиш, моддий манфаатдорликка эмин-эркин эришиш мумкин. Халқимизнинг ерга меҳр берсанг, у сени ҳеч қачон кам қилмайди, деган пурмаъно гаплари бежиз айтилмаган.
Эътиборлиси, олис туман маҳалла ва қишлоқларида ҳам кўплаб оилалар томорқадан оқилона фойдаланиб, ҳовлиси этагида ихчам иссиқхоналар қуриб, қишда ҳам резавор, кўкатлар, сабзавот маҳсулотлари экиб етиштирмоқда. Бу эса йил давомида рўзғор эҳтиёжини қондириш, оилавий даромад топиш, қолаверса, маҳалладошлар дастурхонини тўкин қилиш имконини бермоқда. Маъмура Эргашованинг томорқачиликдаги тажрибаси ва эришаётган ютуғи бу борада ибрат бўларли далил.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








