Вобкент: “Ниёзхўжа”да Алишер Рўзиев хонадони ҳам қуёш панелига эга бўлди
2025-12-03 14:40:00 / Янгиликлар

Жумладан, бундай қурилмалар бўйича мол-мулк солиғи, қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғи ҳамда юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан уч йил муддатга, ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса — ўн йил муддатга озод этилади.
Республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига умумий қуввати 50 кВт гача бўлган кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича “Қуёшли хонадон” дастури амалга оширилмоқда. Бунда дастур доирасида жисмоний шахсларга тегишли объектларда ўрнатилган қуёш панелларида ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига давлат бюджетидан 1 000 сўмдан субсидия ажратилади.
Қарор талабидан келиб чиқиб, Вобкент туманида ҳам ижтимоий ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали ҳудудларда энергия тақчиллигига барҳам беришда муайян ишлар бажарилмоқда.
Турар жойини муқобил энергия манбаи билан таъминлаётганлар қаторида Ниёзхўжа маҳалласида истиқомат қилувчи Алишер Рўзиев ҳам бор. Айни кунда ҳудуддаги 19-сонли умумтаълим мактаби директори лавозимида ишлаётган Алишер Рўзиев уйи томига 3 киловатт соат қувватга эга қуёш панелини ўрнатди.
— Қуёш панелидан даромад топиш учун бир марта сармоя киритсангиз бас, — дейди Алишер Рўзиев. — Бу маблағ эвазига қуёш панели, инвертор, аккумлятор, энергия ҳисоблагич харид қилинади. Уларни ўрнатиб олгач, фақат қуёшдан электр энергиясини қабул қилиб, ортиқчасини истеъмолчига сотиш керак. “Ақлли” ҳисоблагич ўзи ҳисоблаб, тармоққа қанча электр энергияси етказиб берилаётгани ва қанча қиймат ҳосил бўлганини кўрсатиб туради. Буни истасангиз қўл телефонингизга, хоҳласангиз компьютерга ўрнатиб оласиз. Дейлик, ҳар ойнинг 25-кунида солиқ идораси томонидан ҳисобингизга электр энергияси пули тўлаб берилади.
Қуёш панели туфайли яна бир хонадон электр энергиясига бўлган эҳтиёжи бартараф этилмоқда. Шу боис, ҳозирда ниёзхўжаликларнинг қуёш панелларига бўлган қизиқиши ортмоқда. Энди истеъмолчи сифатида эҳтиёждан ортиқча “яшил” энергияни ҳар киловатини 1000 сўмдан сотиш имкони берилгани ҳам айни муддао. Кундалик турмушда хонадон чироқлари, телевизор, музлаткич, дазмол, микротўлқинли печь ва бошқа буюмлардан муқобил электр манбаи орқали бемалол фойдаланиш мумкин.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








