Вобкентда “Қишлоқ хўжалиги ходимлари боғи” барпо қилинмоқда
2025-12-01 20:30:00 / Янгиликлар

Жумладан, шу йил эрта баҳоридан туман ҳокимлигидан 6 турдаги ўрик, гилос, шафтоли, олма, беҳи ва қароли каби 21 минг туп мевали дарахт ниҳоли ҳар бир маҳаллага 450 тупдан тарқатилиб, ўтқазилган ва парваришланмоқда. Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 42 та таълим муассасасида ”Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 30 минг тупга яқин кўчат ва қаламча ўтқазилиб, парваришланмоқда. Мазкур хайрли ҳаракат ва акция доирасида ўтқазилган мевали ва манзарали кўчатларни суғориш ва парваришлаш учун барча ҳудудда масъуллар бириктирилган.
Шу кунларда эса “Латифсобунгар” МФЙда фаолият юритаётган "Рустамов Азизжон" фермер хўжалиги боғида туман ҳокимлиги ва қишлоқ хўжалиги бошқармаси ташаббуси билан “Қишлоқ хўжалиги ходимлари боғи”га асос солинди. Фермер хўжалиги боғидан ажратилган жойда серҳосил навларга мансуб ўрик дарахти ниҳоллари ўтказилиб, парваришланмоқда.
— Халқимизда “Яхшидан боғ қолади” деган эзгу нақл бежиз айтилмаган. Кекса нуронийларнинг ташаббуси билан ташкил қилинаётган боғ ҳам ижтимоий, ҳам тарбиявий аҳамиятга эга эканини эътироф этиш жоиз,—дейди туман ҳокимининг ўрнбосари Озод Нўкаров.—–Бугун ўтқазилиб парваришланаётган ниҳоллар кун келиб мева беради, соя солиб дам олишга шароит яратади, экологияни тозалайди, шамол йўлига тўсиқ бўлади, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилайди. Асосийси, бугун бўш ерда барпо қилинаётган бу боғ саховатпеша табиатимиз кучи билан эрта-индин кўзимизни қувонтиради.
Тадбирда қатнашиб, кўчат ўтқазган туман масъуллари барча маҳалла ва қишлоқ, таълим масканлари, меҳнат жамоаларида кўкаламзорлаштириш, мевали ва манзарали дарахт ниҳолларини ўтқазиш, “яшил ҳудуд”лар барпо этиш ишларини янада кенгайтириш зарурлигини, бу хайрли амаллар она табиатни асрашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








