Когон тумани: Сухор маҳалласида “Маданият ва истироҳат боғи" ташкил этилмоқда
2025-12-01 11:00:00 / Янгиликлар

Жорий ўқув йили олдидан Когон тумани Сухор маҳалласида ўтган аср етмишинчи йилларида бунёд қилинган, кейинги йилларда моддий-техник жиҳатдан эскириб, яроқсиз ҳолга келган таълим маскани ўрнида янги замонавий умумтаълим мактаби биноси барпо қилинди. Мазкур 5-сонли замонавий билим маскани тўрт қаватдан иборат бўлиб, 660 ўқувчи ўрнига эга ўқув биноси бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб беради. Таълим даргоҳи лойиҳа қиймати қарийб 7 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
Туман йўллардан фойдаланиш корхонаси ишчи-мутахассислари томонидан ўтган ойда Сухор маҳалласининг Буюк Турон, Янги ҳаёт ҳамда Саид Амир Кулол кўчаларида жорий таъмирлаш дастури асосида 600 метрдан ортиқ ички йўл қисми асфальтлаштирилгани аҳоли учун катта қулайлик ва кўпдан кутилган янгилик бўлди.
Аҳолига савдо ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида икки йил бурун сухорлик тадбиркор Баҳодир Файзиев ташаббуси билан “Bahoroy” савдо мажмуаси қуриб фойдаланишга топширилган. Майдони 11 сотих ердан иборат мазкур икки қаватли замонавий иншоотда бугунга келиб новвойхона, гўзаллик салони ва сартарошхона, қандолат маҳсулотлари, тикувчилик цехлари, шунингдек, мини маркет, кундалик иш жиҳозлари, озиқ-овқат савдо дўконлари билан бирга, ўқув маркази фаолият юритмоқда. Муҳими, мазкур тадбиркорлик субъекти туфайли ҳозирда “Bahoroy” савдо мажмуасида жами 24 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланмоқда.
Худди шундай, ҳудудда экологик муҳитни яхшилаш, “яшил майдон”ни кенгайтириш ва аҳолига қулай дам олиш муҳитини яратиш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар изчил давом этмоқда. Бу хайрли ташаббус маҳалла ва қишлоқларимизни яшилликка буркаш, кўкаламзорлаштиришга, юртдошларимиз ҳаёти учун мусаффо ҳаво етиштиришга хизмат қилмоқда. Бу борада Когон туманидаги йўл бўйларига, ташкилот, корхона ва муассасалар, хонадонлардаги бўш ер майдонларига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда.
Айнан “Сухор” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли дам олиши ва маданий-эстетик ҳордиқ чиқариши учун "Маданият ва истироҳат боғи" барпо этишга киришилган. Шу кунларда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида 6 гектар майдонга 10 минг тупдан ортиқ чиннигужум, акация, каталпа, қайрағоч, чинор, клён, ясин каби ноёб манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда.
Шу ўринда айтиш жоизки, туманда "Яшил макон" умумиллий лойиҳасига асосан жорий йил якунигача 500 мингдан ортиқ дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









