Бухоро шаҳри: филиалда илк бор ўткир ичак тутилишида кам инвазив жарроҳлик амалиёти бажарилди
2025-11-29 12:40:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг тиббиёт соҳасини ривожлантириш ва аҳолига малакали сифатли ҳамда самарали тиббий ёрдамни ташкил қилиш учун қаратилаётган эътибори ва кенг йўл очиб берилгани, ҳукуматнинг тиббиёт тизимида олиб бораётган изчил ислоҳотлари туфайли Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида кам инвазив эндоскопик амалиётларни амалда тадбиқ қилиш тажрибаси ўзлаштирилмоқда.
Филиалда эндоскопик амалиётларни қўллаш мақсадида Жанубий Корея, Германия, Туркия, Россия каби хориж давлатлари илғор тажрибаси, жарроҳликдаги муваффақиятлари ўзлаштирилмоқда. Буни "Тиббиётни халққа яқинлаштириш" стратегияси доирасида юқори технологик тиббий хизматларни жойларда йўлга қўйиш ва мураккаб операциялар турини кенгайтириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани билан изоҳлаш мумкин. Эндиликда юқори малакали, кам инвазив жарроҳлик амалиётлари вилоят марказларида ҳам муваффақиятли бажарилмоқда.
Яқинда РШТЁИМ Бухоро филиалига 52 ёшли бемор, қориннинг барча соҳасида кучли оғриқ, қорин дам бўлиши, ичқотиш ва кўнгил айниши клиник шикоятлари билан оғриган М. Хўжаев қабул қилинди. Чуқур диагностик таҳлиллар жараёнида беморда тўғри ичак ўсмаси туфайли ичак бўшлиғи ёпилиб, ичак ўтмаслиги юзага келгани аниқланди.
Шошилинч хирургия бўлими малакали жарроҳлари томонидан тезкорлик билан беморга лапароскопия, қорин бўшлиғини ревизия қилиш, тўғри ичак резекцияси ва колоректал анастомоз қўйиш амалиёти биринчи бор муваффақиятли амалга оширилди. Айтиш жоизки, бундай касалликлар учун шу кунга қадар беморлар бошқа шаҳарларга, пойтахт тиббиёт муассасаларига боришга мажбур бўлишган. Муҳими, амалиётдан сўнг бемор бир неча кун врач назорати остида бўлиб, соғлиғи барқарорлашгач, амбулатор кузатувга юборилди.
Бундай юқори технологияли операцияларнинг жорий этилиши ногиронлик ҳолатларини камайтириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, вилоятларда юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, шунингдек, беморларнинг ортиқча аворагарчиликлари олдини олишга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати



