Шофиркон: талисафедлик Феруза Содиқова қуроқчиликдан яхшигина моддий манфаат топмоқда
2025-11-27 15:20:00 / Янгиликлар

Феруза Содикованинг тикув хонасида бугунга келиб ўндан ортиқ турдаги миллий маҳсулот, айниқса, келин-куёв, ёш оилалар учун мўлжалланган кўрпача, ёстиқ, сўзана каби сержило матолардан тикиб тайёрланган тўшамалар харидори чаққон. Меҳнатсевар аёл турли матолар қирқимларидан қуроқчиликда миллий нақшинкор, ноёб услубларини замонавий дид билан уйғунлаштириб, мижозларига манзур бўладиган маҳсулотлар яратиш устида изланишда.
Ферузанинг яна бир хайрли иши—ўз ҳунарини қишлоқда чеварликка иштиёқманд қизларга астойдил ўргатишга тайёрлигидир. “Устоз-шогирд” анъанасини давом эттираётган чеварнинг ҳозирда қўли остида 5 нафар шогирди тикувчиликни ўрганмоқда. Бу эса буюртмалар, ишлаб чиқариш ҳажмини ошираётгани баробарида миллий ҳунармандчилик анъаналарининг авлоддан-авлодга ўтишига хизмат қилмоқда. Бир оиланинг миллий ҳунармандчилик асосидаги тадбиркорлик фаолияти эса барқарор даромад манбаига айланиб, айни пайтда ойлик тушум 7–8 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Умуман, Шофиркон туманининг бир томони Пешкў тумани, бир томони эса Қизилқум чўлига туташ Янгиқишлоқ, Искогаре, Чуқурак, Жўйнав, Ғуломте, Талисафед каби маҳаллаларида бугунга келиб 7 мингта хонадон, 10 мингдан ортиқ оила умргузаронлик қилаётган бўлиб, улар таркибидаги аҳоли сони 39 минг нафардан ошиқни ташкил этмоқда. Икки йил бурун ҳудудда ишсизлар сони 3-4 минг нафарни, хорижга қатнаб ишлайдиганлар сони эса 6 минг нафардан ортиқни ташкил этган бўлса, бугунга келиб улар сони кескин қисқарди.
Туман миқёсидаги маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган ҳоким ёрдамчилари кўмаги ва тавсияси асосида кейинги икки йилдан ортиқ муддатда 13 мингга яқин фуқаро ишга жойлаштирилгани, жами 15 мингдан ортиқ фуқарога бизнес фаолиятини юритиши учун имтиёзли кредит сармояси расмийлаштириб берилгани мақсадга мувофиқдир. Бу борадаги саъй-ҳаракат изчил давом эттирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









