Ботир Зарипов куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича вилоят Штабида бўлиб, жорий қилинган янги платформа имкониятлари билан танишди
2025-11-22 14:15:00 / Янгиликлар

Бу борада вилоятда куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича Штаб фаолияти йўлга қўйилган.
Бугун вилоят ҳокими Ботир Зарипов мазкур Штабда бўлиб, масъуллар, хизмат кўрсатувчи ва таъминот корхона ва ташкилотлари, шунингдек, назорат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мутасадддилар билан мулоқот қилди.
Вилоятда энергетика хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли ва ижтимоий соҳа иншоотлари ҳамда иқтисодиёт тармоқларига энергия ресурсларини барқарор етказиб бериш, энергия тежамкорлигини таъминлаш, вилоят марказидан тортиб олис маҳалла ва қишлоқлар, аҳоли пунктлари, ҳатто, чўл овулларигача мавсумни талофатларсиз ўтказиш чора-тадбири кўрилмоқда.
Бу борада вилоят прокурори У.Ҳамдамов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ж.Арашов, вилоят Фавқуллодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Ш.Аюповларнинг ахборотлари эшитилди.
Хусусан, вилоятда иссиқлик манбаи ва газ тармоқлари, шунингдек, электр станцияларининг ишлаш режими таҳлиллари асосида, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларига электр, табиий газ ва ичимлик сувини етказиб бериш ҳолатининг куз-қиш мавсумига шайлиги, энерготежамкорликни таъминлаш ишлари жараёни бевосита ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилаётгани айтилди.
Вилоят ҳокими Штабда вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят прокуратураси билан биргаликда ташкил қилинган куз-қиш штаби платформаси иши билан танишди. Бу платформа орқали тизим фаолияти ва барча топшириқлар реал вақтда мониторинг қилиб борилиши таъкидланди.
— Платформага мувофиқ, тизимга САLL марказ—сунъий интеллект ёрдамчи жорий қилинди. Бу билан жисмоний ва юридик шахслар томонидан САLL марказга келиб тушадиган мурожаатлар тўлиқ рақамлаштирилган ва сунъий интеллект технологиялари жорий қилиниб, рўйхатдан ўтган мурожаатлар тегишли ташкилотларга топшириқ сифатида йўналтирилади, — дейди муҳокамада йиғилганларни мазкур платформа тақдимоти билан таништирган вилоят ҳокимининг рақамлаштириш бўйича маслаҳатчиси Толиб Мирзаев. — Эндиликда вилоятдаги барча ижтимоий тармоқлардан сунъий интеллект орқали коммунал соҳадаги муаммоли хабарларни Штаб платформасида таҳлил қилиб, хабарлар шакллантирилади ва муаммони ечиш чораси кўрилади. Шунингдек, сунъий интеллект механизмидан фойдаланган ҳолда вилоятдаги ташкилотларнинг қозонхоналарида янги ишлаб чиқилган микросхема орқали иссиқ сув ҳароратини Штаб платформасида таҳлил қилиб бориш имконияти бор. Бу жараён вилоятдаги барча коммунал хизмат кўрсатувчи ва таъминот корхоналари фаолиятига доир маълумотларни интеграциялаштириш имконияти ҳамдир.
Вилоят раҳбари томонидан Штабда муҳокама қилинган долзарб масала юзасидан тегишли корхоналар, хусусан, коммунал соҳа раҳбарлари зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








