Бухоро тумани: “Гулшанобод” маҳалласида 6-сонли оилавий поликлиника янги биноси фойдаланишга топширилди
2025-11-22 11:50:00 / Янгиликлар

Куни кеча Бухоро тумани, “Гулшанобод” маҳалла фуқаролар йиғинида 6-сонли оилавий поликлиниканинг 100 ўринли замонавий биноси қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилгани юқоридаги фикримиз далили.
Мазкур тиббиёт маскани биносини янгидан қуриш мақсадида ссуда асосида 2 миллиард 900 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, вилоят бюджети ҳисобидан қўшимча 103 миллион сўм ажратилиб, муассасанинг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланди.
Замонавий андозадаги икки қаватли иншоотни фойдаланишга топшириш тадбирида туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, тиббиёт бирлашмаси масъуллари, маҳалла фаоллари ҳозир бўлдилар. Сўзга чиққанлар бу каби чекка ҳудудларда замонавий тиббиёт инфратузилмаси барпо этилаётгани давлатимиз раҳбари илгари сураётган “Инсон қадри” тамойили амалда ўз ифодасини топаётганининг ёрқин далили эканини алоҳида таъкидладилар.
Ўтган ойларда бу манзилдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари маҳаллий пудратчи “Бунёдкор Иззатило Сохтимон” МЧЖ бинокорлари томонидан амалга оширилди. Натижада аҳолига кенг кўламли қулайликлар, замонавий тиббий жиҳозлари билан таъминланган, фунционал имкониятлари юқори бўлган янги тиббиёт поликлиника биноси барпо этилди.
Муҳими, эндиликда саломатлигига бефарқ бўлмаган маҳалла аҳолиси саломатлигини ўз вақтида текширтириш, касалликларни эрта аниқлаш ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда. Дарҳақиқат, халқимиз саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш — юрт тараққиётининг энг муҳим шартидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









