Вилоят ҳокимига мурожаатдан сўнг: Қоракўл туманининг “Чандиробод” ва “Қозон” маҳаллаларидаги оилавий шифокорлик пунктлари ҳам янги қиёфага кирди
2025-11-20 20:05:00 / Янгиликлар

Бу янгиланиш юртимизда тиббиёт тизимини ривожлантириш, аҳолига тиббиётни яқинлаштириш, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани яққол намунаси. Ушбу замонавий масканлар орқали аҳоли саломатлигини ўз вақтида текширтириш, касалликларни эрта аниқлаш ва сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти яратилди.
Янги ва замонавий тиббиёт муассасаларини фойдаланишга топшириш маросимида туман ҳокимлиги, тиббиёт бирлашмаси масъуллари, маҳалла фаоллари иштирок этишди.
“Чандиробод” аҳолиси йиллар давомида ўтган аср етмишинчи йилларида қурилган ва сўнгги пайтда яроқсиз кўринишга келиб, бугуннинг талабларига жавоб бермайдиган эски бинодаги тиббиёт ходимлари хизматидан фойдаланиб келган.
Аҳолининг сайёр қабулларда вилоят ҳокимига билдирган мурожаатларини инобатга олиб, янги шифокорлик пункти дастурга киритилди. “Қозон” маҳалласидаги тиббиёт пункти эса “Чандиробод”даги маскандан ҳам олдин барпо қилинган ва мослаштирилган шароитда қишлоқ одамларига тиббий хизмат кўрсатиб келинган.
Эндиликда эса чандирободлик ва қозонлик аҳоли учун умумий қиймати 3 миллиард сўм маблағ ҳисобидан қайта қурилган, замон талаблари даражасидаги икки янги бино шай қилингани кўпдан кутилган янгилик бўлди. Муассасаларнинг ҳар бири кунлик қабул қуввати 50 қатновга мўлжалланган. Муҳими, барча шарт-шароит ҳозирланган ҳар икки шифокорлик пунктида жами 40 нафардан ошиқ тиббиёт ходими аҳоли саломатлигига жалб қилинмоқда.
Поликлиникалар ёруғ ва шинам қабул бўлимлари, эмлаш, патронаж, лаборатория хоналари, кутиш зали, шунингдек, зарур диагностика жиҳозлари, санитария ва иссиқлик тармоқларига эга. Шунингдек, икки муассаса тўлиқ “Давлат тиббий хизматлари рақамлаштириш тизими”га уланган. Эндиликда беморлар навбатда ортиқча вақт йўқотмайди, жараён электрон тарзда, кўрсатиладиган хизматлар эса тез ва бепул тарзда амалга оширилади.
Биноларнинг рамзий лентаси қирқилгач, тадбирда йиғилганлар иншоотда яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишдилар. Фойдаланишга топширилган янги оилавий шифокорлик пунктлари аҳолига яратилаётган қулайлик ва ғамхўрликнинг амалдаги ифодасидир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






