Бухороликлардан бир гуруҳи “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони билан тақдирланди
2025-11-17 19:25:00 / Янгиликлар

Бағрикенг халқимизнинг азалий қадриятлари, улуғ аждодларнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйди. Буни мамлакатимизнинг ташқи ва ички сиёсатидан тортиб, иқтисодий ижтимоий, маданий ҳамда диний-маърифий соҳаларидаги туб ислоҳотлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Жумладан, сўнгги йилларда мамлакатимизда турли миллат ва конфессиялар ўртасида ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ҳамда тинчлик-тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда. Бинобарин, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган бағрикенглик анъанаси доимо қўллаб-қувватланиб, рағбатлантирилиб келинмоқда.
Шу нуқтаи назардан, ҳозирда республикада ҳамда барча вилоятларда “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида “Янги Ўзбекистонда диний бағрикенглик”, “Биз бир мамлакатда яшаётган ягона халқмиз”, “Миллатлараро тотувлик—тинчлик гарови”, “Ўзбекистон бағри кенг диёр” мавзуларида маънавий-маърифий, маданий тадбирлар тантана билан ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 сентябрдаги “Диний бағрикенглик” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, кўкрак нишони билан диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, фуқаролар эътиқод эркинлигини таъминлаш, динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва маънавий муҳит барқарорлигини сақлашдаги ибратли ишлари учун юртдошларимиз, етук уламолар, атоқли арбоблар, диний соҳа раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижий олимлар тақдирланиши белгиланган.
Қувонарлиси, бу йилги тақдирланган мазкур мукофот соҳиблари қаторида 6 нафар вилоятимиз вакилларининг ҳам борлиги барчамизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади. Бундайлар сони 2023 йилда 8 нафарни, 2024 йилда 5 нафар соҳа вакилларини ташкил этган.
Шу муносабат билан Мир араб олий мадрасасида Янги Ўзбекистоннинг яна бир мукофоти “Диний бағрикенглик” кўкрак нишонини ўз соҳибларига тақдим этиш тадбири бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Азизбек Қаландаров, вилоят бош имом-хатиби, Мир араб олий мадрасаси ректори Жобир Эловлар сўзга чиқиб, юртимизда диний-маърифий соҳа ривожи йўлида олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракат хусусида тўхталиб, юксак эътирофга сазовор бўлган вилоятдошларимизни самимий табрикладилар. Шундан сўнг юксак мукофот—кўкрак нишонлари ўз эгаларига топширилди.
Юртимизда давлатимиз раҳбари томонидан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар натижасида фуқароларнинг виждон эркинлиги, дин ва миллатлараро тотувлик таъминланаётгани, мазкур нишоннинг таъсис этилгани эса ҳукуматимизнинг диний соҳага бўлган юксак эътиборининг яққол намунаси экани таъкидланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








