Шофиркон: “Нурафшон”да 36-сонли умумтаълим мактаби янги ўқув биносига эга бўлди
2025-11-15 11:05:00 / Янгиликлар

Шу сабабли, маҳалла аҳли, ота-оналар талаб-истаклари туфайли маҳаллада 120 ўқувчи ўрнига эга замонавий андозадаги ўқув биноси қуриладиган бўлди. Бунда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси нурафшонликлар учун нажот воситаси бўлди десак, муболаға эмас. Янги ўқув биноси учун маҳаллий бюджет ҳисобидан қиймати 1,5 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Сўнгги ойларда объектда маҳаллий пудратчи “Shavkat Shokir savdo” МЧЖ бинокорлари томонидан қурилиш ишлари талаб даражасида олиб борилиб, навқирон авлод вакилларига рисоладагидек шароитда таълим-тарбия олишлари учун имконият яратилди. Ушбу 36-сонли таълим маскани замонавий ўқув биносини фойдаланишга топшириш тадбирида туман ҳокимлиги, мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари, мактаб жамоаси ва ота-оналар иштирок этдилар.
Тадбирда сўз олганлар маҳалла аҳолиси, ўқитувчи ва ўқувчиларни янги иншоот билан табриклаб, айни кунда мактаб таълимига қаратилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлар хусусида тўхталдилар. Навқирон авлод вакиллари талаб даражасида ўқиб, илм олишлари ва халқ хўжалигида ўз ўринларини топишларида бу таълим даргоҳи пойдевор бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.
Янги 120 ўринли ўқув биноси барча зарур шарт-шароит — иссиқлик тизими, компьютер синфи, кутубхона, табиий фанлар учун жиҳозланган лабораториялар, спорт майдончаси ва инвентарлар билан таъминланган.
Бугунги кунда 36-сонли умумтаълим мактабида 493 нафар ўқувчи таҳсил олаётган бўлиб, улар таълим-тарбиясига 50 нафар ўқитувчи масъул. Муаллимларнинг 7 нафари олий тоифали, 12 нафари эса биринчи тоифага мансуб.
Тадбир давомида мактаб жамоаси, фаол ўқитувчилар ва ўқувчиларга эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, маросим иштирокчилари янги бинодаги синфхоналар, фан лабораториялари ва ўқув хоналарини кўздан кечирдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






