Олот: ахборот технологиялари асрида туман кутубхонаси ҳам рақамли имкониятлардан кенг фойдаланмоқда
2025-11-11 12:20:00 / Янгиликлар

Кутубхона фондида 38 минг 803 номда, жами 115 минг 413 нусха китоб мавжуд. Шундан 23 минг 492 номдаги, 75 минг 153 нусха бадиий адабиётларни ташкил этади. Ёзув турлари бўйича фонд қуйидагича шаклланган, яъни лотин алифбосида 4 минг 95 номда, 8 минг 516 нусха, кирилл алифбосида 17 минг 243 номда, 51 минг 69 нусха адабиёт. Тиллар кесимида эса кутубхона фонди янада бой ва ранг-баранг: ўзбек тилида 21 минг 338 номда, 59 минг 585 нусха, рус тилида 17 минг 269 номда, 55 минг 427 нусха, бошқа тилларда – 188 номда, 378 нусха китоб мавжуд.
Жорий йилда марказ моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида 240 миллион сўмлик янги китоб жавони ва мебель жиҳозлари, 35 миллион сўмлик 325 номда, 620 нусхада бадиий ҳамда илмий адабиётлар харид қилинган. Шунингдек, 9 та компьютер жамланмаси сотиб олинган.
Шу йил 1 ноябрь кунига қадар марказда юздан ошиқ маънавий-маърифий тадбир ўтказилиб, уларда 6 минг 737 нафар фойдаланувчи иштирок этган. Шундан 2 минг 32 нафари янги аъзолар бўлиб, бу кўрсаткич кутубхона фаолиятига бўлган қизиқиш ортиб бораётгани далолати.
Ахборот технологиялари асрида Олот туман кутубхонаси ҳам рақамли имкониятлардан кенг фойдаланмоқда. 2025 йилнинг 10 ойи давомида марказнинг электрон кутубхонасига 845 та электрон китоб жойлаштирилган. Шунингдек, 143 та электрон китобга “QR” код яратилган бўлиб, улар аҳоли учун қулай тарзда махсус таблолар орқали тақдим этилган.
Кутубхона ходимлари билим ва тажрибасини ошириш мақсадида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда республика Ахборот-кутубхона маркази томонидан ташкил этилган ўқув курсларида мунтазам иштирок этмоқда. Шу мақсадда туман бюджетидан ажратилган маблағ эвазига 4 нафар ходим пойтахтда малака ошириш курсларини муваффақиятли якунлади.
Айни кунда Олот туман Ахборот-кутубхона маркази нафақат китоб ўқиладиган жой, балки ёшлар ва аҳолининг ҳар бир қатламини маънавий баркамолликка, илм ва тафаккур сари етакловчи ҳақиқий маънавият масканига айланиб бормоқда. Бунда янги имкониятлар, замонавий шароитлар ва электрон ресурслар орқали кутубхона ўз ўқувчиларига янада яқинлашмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









