Шофиркон: 36-сонли мактабнинг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди
2025-11-10 19:15:00 / Янгиликлар

Нурафшон маҳалласида фаолият юритаётган 36-сонли мумтаълим мактабида янги, замонавий ўқув биносининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, халқ таълими бўлими мутасаддилари, ўқитувчилар, ота-оналар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этдилар.
Тадбирда мактаб жамоаси, фаол ўқитувчилар ва ўқувчиларга эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, маросим иштирокчилари янги бинодаги синфхоналар, фан лабораториялари ва ўқув хоналарини кўздан кечирдилар.
Бугунга келиб мазкур 36-сонли умумтаълим мактабида 493 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 50 нафар ўқитувчи сабоқ бермоқда. Шундан 7 нафари олий тоифали, 12 нафари биринчи тоифали ўқитувчилардир. 2024–2025 ўқув йилида таълим даргоҳини 33 нафар ўқувчи битириб, уларнинг 22 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган, 2 нафари ҳарбий хизматга йўналтирилган, 9 нафари эса иш билан таъминланган.
Мактаб ўқувчилари турли фан олимпиадалари ва танловларда ҳам муносиб натижаларга эришиб келишмоқда. Жумладан, 9-синф ўқувчиси Шаҳриёр Обидов инглиз тили фанидан туман босқичида ғолиб бўлиб, вилоят босқичига йўлланма олди. 8 “Б” синф ўқувчиси Абдуқамар Қамариддинов ҳам “Jadidlar izidan” танловида туман босқичида тенгсизлигини исботлаб, 1-ўринни эгаллади ва танловнинг вилоят босқичига чиқди. Худди шундай, 11-синф ўқувчиси Феруза Давронова “Raqamli avlod qizlari” танловининг вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин.
Мактабнинг фидойи ўқитувчилари ҳам ўз касбий маҳоратларини ошириб бормоқдалар. Бугунга келиб 8 нафар ўқитувчи Миллий сертификатга, бошланғич синф ўқитувчиси Ситора Файзиева эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 28 февралдаги 130-сонли қарорига мувофиқ, “Вазир устамаси” билан тақдирланган. Ўқувчилардан 1 нафари инглиз тили фанидан халқаро даражадаги сертификат, 5 нафари эса миллий сертификатга эга бўлган. Бу эса мактабдаги таълим сифати ва ўқитувчилар меҳнатининг амалий эътирофидир.
Янги 120 ўринли ўқув биноси барча шарт-шароитга эга бўлиб, компьютер синфи, кутубхона, табиий фанлар учун жиҳозланган лабораториялар, иссиқлик тармоғи, спорт майдончаси ва замонавий мебелларига эга. Албатта, бу каби қулай ўқув муҳити маҳаллий ёшларнинг билим олиши, тафаккурини кенгайтириши ва келажакда етук мутахассис бўлиб етишишига замин яратади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








