Қирғиз Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчи Чотонов Дуйшенкул Тезекбаевич «Ўзархив» агентлигига ташриф буюрди
2025-04-09 12:30:00 / Янгиликлар

Қирғиз Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонаси ташаббусига кўра, Қирғиз Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчи Чотонов Дуйшенкул Тезекбаевич ва «Ўзархив» агентлиги директори Юсупов Улуғбек Мирталибович билан 2025 йил 9 апрелда Ўзбекистон Миллий архивида ишчи учрашув ташкил этилди.
Мазкур учрашувда:
«Ўзархив» агентлигидан - директор У. Юсупов, директор ўринбосари Ш. Садиков, Халқаро алоқалар бўйича бош мутахассис Д. Дадаева ва Ўзбекистон Миллий архиви директори Д. Закирова;
Қирғиз Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонасидан - Фавқулодда ва Мухтор Элчи Д. Чотонов ва Атташе А. Суйналиева иштирок этдилар.
Учрашув чоғида «Ўзархив» агентлиги ва Қирғиз давлат архивлари ўртасида архив соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Икки қардош халқлар тарихи ва маданиятини, архив ҳужжатларини ҳар икки давлат архивларида тарғиб этиш, ҳужжатларни рақамлаштириш, қўшма кўргазмалар ва нашрлар ташкил этиш, архивларда тадқиқотчиларга кўмак кўрсатиш бўйича ҳамкорликдаги масалалар кун тартибининг асосий мавзуси сифатида кўрилди.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзархив» агентлиги билан Қирғиз Республикаси Рақамли ривожланиш вазирлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум Бишкек шаҳрида 2022 йил 3 ноябрда имзоланган бўлиб, унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида томонлар ўзаро манфаатли шартлар асосида Марказий Осиё халқлари тарихи, Ўзбекистон Республикасидаги қирғиз диаспораси тарихи, Қирғиз Республикасидаги ўзбек диаспораси тарихи ва бошқалар бўйича қўшма илмий тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириб келмоқдалар.
Ташриф сўнгида Ўзбекистон Миллий архиви фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида сақловхона, реставрация, рақамлаштириш хонаси, ўқув зали, музей ва кўргазмалар зали бўйлаб экскурция ташкил этилди. Хорижий меҳмонлар архивда ҳужжатлар сақловини таъминлаш, уларни реставрация ва рақамлаштириш жараёнлари билан таништирилди.
Мазкур ташриф доирасида Д. Чотоновга «Ўзархив» агентлиги номидан эсдалик совғалари тақдим этилди. Архивдаги шарт-шароитлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди, келгусида ҳамкорлик қилиш режалаштирилди.









