Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги томонидан 2024 йил мобайнида халқаро алоқалар йўналишида амалга оширилган ишлар тўғрисида МАЪЛУМОТ
2025-02-18 08:25:00 / Халқаро ҳамкорлик
Давлат архивлари ўқув залларидан фойдаланиш фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 ноябрдаги 706-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат архивлари ўқув залларида архив ҳужжатларидан фойдаланиш тартибини, фойдаланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек, давлат архивлари ўқув залларида архив ҳужжатларини тақдим этиш тартибини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси давлат архивлари ўқув залларида фойдаланувчиларнинг архив ҳужжатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги низом” қоидаларига асосан 2024 йилда Агентлик томонидан Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Россия Федерацияси, АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия, Швейцария, Чехия, Нидерландия, Италия, Хитой, Япониядан 67 та тадқиқотчиларга Ўзбекистон миллий архивлари, Тошкент шаҳар Марказий давлат архиви, Тошкент вилоят давлат архиви, Самарқанд вилоят давлат архиви ўқув залларига ташриф буюришлари учун ўрнатилган тартибда рухсат берилган.
2024 йилда Россия Федерацияси архивларидан 1912 йилда Туркистонга келган В.Никитиннинг шахсий архив жамғармасидан 150 та фото нусхалари ва 1 та кундаликнинг асл нусхаси, Шароф Рашидовга тегишли 9 та фото, 9 та кино ва 28 та йиғмажилд (дело)лардаги 161 та кадр архив ҳужжатлари нусхалари, Қозоғистон архивларидан 300 дан ортиқ, Тожикистон архивларидан Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликларига оид 56 та йиғмажилд (дело)лардаги 1000 та кадр архив ҳужжатлари нусхалари, Туркиядаги Усмонийлар архивида юртимиз тарихи ва маданиятига тегишли бўлган 10 000 та ҳужжат аниқланиб, нусхалари юртимизга олиб келинган. Россия Федерацияси архивлари томонидан янги нашр этилган соҳавий меъёрий-услубий адабиётларни (жами 12 та) бепул туҳфа сифатида юртимизга олиб келинди.
Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлигининг Архивлар, ҳужжатлаштириш ва китоб иши қўмитаси ҳузуридаги “Илмий-техника ҳужжатлари Марказий давлат архиви” республика давлат муассасасининг таклифига кўра мазкур архивнинг ташкил этилганлигига 50 йил тўлганлиги муносабати билан 2024 йилнинг 7-8 февраль кунлари ўтказилган “Қозоғистон Илмий-техника ҳужжатлари Марказий давлат архиви ва унинг дўстлари” мавзусидаги Халқаро тадбирда иштирок этиш учун “Ўзархив” агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви директори Алижон Махкамов Қозоғистон Республикаси Остона шаҳрида хизмат сафарида бўлди.
Қозоғистон Республикаси Президенти архивининг ташаббусига кўра 2024 йилнинг 16 февраль куни мазкур архив томонидан Қозоғистон архивчилари конгресси мувофиқлаштирувчи қўмитасининг “Очиқ жамият – очиқ архив” мавзусида ўтказилган масофавий (онлайн форматда) йиғилишида Агентлик директори Улуғбек Юсупов иштирок этди.
2018 йил 30 апрелда Тошкент шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги билан Туркия Республикаси Бош вазири девони ҳузуридаги Давлат архивлари бош дирекцияси ўртасида архивлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Протокол ҳамда 2019 йил 11 мартда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги билан Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат архивлари бошқармаси ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувларни амалга оширилишини таъминлаш бўйича Амалий ҳаракатлар режасига мувофиқ, Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Усмонийлар архиви ҳужжатларини реставрация ва консервация қилиш бўйича малака ошириш ҳамда тажриба алмашиш учун “Ўзархив” агентлиги тизимидаги архивларда фаолият юритаётган 4 нафар архившунос-мутахассислар 2024 йил 19 февралдан 1 мартга қадар Истанбул шаҳрига хизмат сафарига юборилди.
Бутунроссия Ҳужжатлар ва архив ишлари илмий-тадқиқот институти (ВНИИДАД) таклифига биноан 2024 йил 29 февраль куни Агентлик директори Улуғбек Юсупов “2023 йилда ВНИИДАД илмий-тадқиқот фаолияти натижалари” мавзусидаги конференцияда масофадан (онлайн) иштирок этди.
Арманистон Миллий архивининг таклифига кўра мазкур архивнинг 100 йиллик юбилейи ва ЮНEСКО ташкилотининг номоддий маданий меросни асраш тўғрисидаги конвенциясининг 20-йиллиги муносабати билан “Архивлар – инсоният хотираси” мавзусидаги Халқаро конференцияда иштирок этиш учун Агентлик директори ўринбосари Ш.Садиков Арманистон Республикаси Ереван шаҳрида 2024 йил 25-30 март кунлари хизмат сафарида бўлди.
8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган “Адолатпарвар ва маърифатли аёл – оила тимсоли” мавзусидаги “Ўзбек аёли – ўтмиш, нафосат, келажак рамзи” анъанавий III Республика фотокўргазмасига 2024 йил 5-10 март кунлари хорижий дипломатик ваколатхоналар вакиллари таклиф этилган.
2024 йил 25 мартдан 6 апрелгача Тожикистон давлат архивларида Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликларига оид архив ҳужжатлари тўғрисида маълумотларни олиш бўйича Ўзбекистон Миллий архиви катта илмий ходимлари М.С.Исакова ва Н.М.Мирзаевларнинг хизмат сафари амалга оширилган.
2024 йил 11 мартдан 10 апрелгача Россия Федерацияси Москва шаҳридаги Росархив тизимидаги давлат архивлари ва ташкилотларида Ш.Р.Рашидов ҳаёти ва меҳнат фаолиятига доир архив ҳужжатлари таркибини ўрганиш ва нусхаларини юртимизга олиб келиш бўйича Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви директори А.В.Махкамовнинг хизмат сафари амалга оширилган.
Россия Федерацияси Свердловск вилояти губернатори ўринбосари В.В.Козловнинг мурожаатига мувофиқ, 2024 йил 16 апрель куни “Совет Иттифоқи Қаҳрамони” унвони таъсис этилганлигининг 90 йиллиги муносабати билан архив ҳужжатларининг электрон кўргазмасида архив ҳужжатлари билан иштирок этилган.
Бутунроссия ҳужжатлар ва архившунослик илмий-тадқиқот институти (ВНИИДАД)нинг 2024 йил 18-19 апрель кунлари ўтказилган “Документация в информационном обществе” ХХХ Халқаро илмий-амалий конференциясида Агентлик ва тизимдаги миллий архивлар мутахассислари ўз маърузалари билан (онлайн) иштирок этганлар.
2024 йил 18-19 апрель кунлари ўтказилган ХIV Ёш олимлар ва мутахассислар Халқаро конференциясида “КЛИО-2024” Ўзбекистон Миллий архиви илмий ходими Ш.М.Срожидинов ўз маърузаси билан онлайн иштирок этган.
Россия Федерацияси Свердловск вилояти Губернатори ўринбосари В.В.Козловнинг мурожаатига мувофиқ, Свердловск вилояти Архив бошқармаси бошлиғи Р.С.Тараборин ва Агентлик директори У.М.Юсупов билан 2024 йил 22 апрелда Ўзбекистон Миллий архивида ишчи учрашув ташкил этилиб, учрашув чоғида Агентлик ва Россия Федерацияси Свердловск вилояти архивлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.
Вазирлар Маҳкамаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан хорижий ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистонда ҳужжатли ва экспериментал кинематографияни ривожлантириш дастурини амалга ошириш доирасида 2024 йил 23 апрелда Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивида ташкилотчилар ва ёш тадқиқотчилар (жами 21 нафар) учун экскурция уюштирилишган.
Ўзбекистон Миллий архиви ҳамда Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви томонидан UNESCO/Jikji “Жаҳон хотираси” мукофоти учун (UNESCO/Jikji Memory of the World Prize) номзодномалари тақдим этилган.
2024 йил 5-11 май кунлари Мўғулистон маданият вазирлиги ва UNESCO ишлари бўйича Мўғулистон Миллий комиссияси томонидан ташкил этилган MOWCAP 10-Ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси “Жаҳон хотираси” миллий қўмитаси номидан ҳисобот билан иштирок этиш муносабати билан “Ўзархив” агентлиги директори У.Юсупов бошчилигидаги делегация (жами 2 киши) Мўғулистон Республикаси Улан-Батор шаҳрида хизмат сафарида бўлди. Мўғулистон архивлари бош бошқармасига ташриф уюштирилиб, ишчи музокара ўтказилди ва фаолият билан яқиндан танишилди. Ўзбекистон Республикаси ва Индонезия Республикаси архив муассасалари ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш мақсадида “Ўзархив” агентлиги директори бошчилигидаги делегация Индонезия Республика Миллий архиви директори Имам Гунарто билан учрашув бўлиб ўтди. MOWCAP 10-Ялпи мажлиси доирасида Ўзбекистон тарафидан UNESCO “Жаҳон хотираси” дастури Осиё ва Тинч океани минтақаси рўйхатига киритиш учун таклиф этилган икки номзоднома — “Худойберган Девоновнинг Хоразм оазиси суратлари тўплами” ва “Туркистон альбоми” номзодномалари бўйича делегация аъзолари томонидан ҳимояси амалга оширилиб, бир овоздан қабул қилинди ва Ўзбекистондан ушбу 2 та нодир ҳужжатлар тўплами UNESCO “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилди ҳамда тегишли сертификатлар қабул қилинди ва юртимизга олиб келинди.
2024 йил 27-29 май кунлари Венгрия Миллий архиви раҳбар-мутахассислари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида “Ўзархив” агентлиги директори У.Юсупов бошчилигидаги делегация (жами 2 киши) Венгрия Республикаси Будапешт шаҳрида хизмат сафарида бўлди. “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ҳамда Венгрия Миллий архиви ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш тўғрисидаги келишувларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича Амалий ҳаракатлар режаси (2024-2028 йиллар учун)” 2024 йил 28 майда имзоланди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси томонидан 2024 йил 15-17 май кунлари Самарқанд ва Жиззах шаҳарларида ташкил этилган “Central Asia: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” ХVII Халқаро конференциясида “Ўзархив” агентлиги ва тизим ташкилотлари ходимлари (жами 23 киши) ўз маърузалари билан (шу жумладан, онлайн шаклда) иштирок этдилар.
Швейцариянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Константин Оболенский ва Агентлик директори Улуғбек Юсупов билан 2024-йил 3 июнда Ўзбекистон Миллий архивида ишчи учрашув ташкил этилди. Учрашув чоғида “Ўзархив” агентлиги ва Швейцария архивлари ўртасида архив соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Бошқирдистон Республикаси Миллий архиви директори в.б. Г.Хайритдинов ва Ўзбекистон Миллий архиви директори Д.Закирова ўртасида 2024 йил 3 июнда Ўзбекистон Миллий архивида ишчи учрашув ташкил этилди. Учрашув чоғида Ўзбекистон Миллий архиви фаолияти тўғрисида маълумотлар баён қилинди.
2024 йил 4-7 июнь кунлари Агентлик директори ўринбосари Ш.Садиков бошчилигидаги делегация (жами 9 киши) Қозоғистон Республикаси Чимкент ва Туркистон шаҳарларида хизмат сафарида бўлди. Ташриф чоғида “Қозоғистонда Ўзбекистон Республикаси архив кунлари” тадбирларида, хусусан, Ўзбекистон-Қозоғистон фото-ҳужжатли кўргазмалари, “Ўзбекистон-Қозоғистон тарихини тадқиқ этиш долзарб муаммолари” мавзусидаги илмий-амалий анжумани ҳамда “Ўзбекистон-Қозоғистон: икки давлат ўртасида архив соҳасини ривожланиш жиҳатлари” мавзусидаги давра суҳбатида фаол иштирок этилди, ҳужжатли кўргазмалар кўздан кечирилди, очиқ муҳокамаларда иштирок этилди, Ўзбекистон-Қозоғистон архив соҳасини ривожлантиришнинг кейинги истиқболлари муҳокама қилинди. Қозоғистон архивлари сақловидаги Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид 280 та кадр архив ҳужжатлари электрон нусхалари юртимизга олиб келинди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг топшириғига кўра, “Ўзбекистон Миллий архивининг янги биносини қуриш” лойиҳаси доирасидаги грант маблағларини жалб қилиш масаласини жадаллаштириш мақсадида Адлия вазири А.Ташкулов бошчилигидаги делегация таркибида Агентлик директори ўринбосари Ш.Садиков ва Агентлик ҳузуридаги Архив иши ва иш юритиш бўйича малака ошириш илмий-методик маркази директори М.Риҳсибоев 2024 йил 9-12 июнь кунлари БААда хизмат сафарида бўлди. Адлия вазири А.Ташкулов ва БАА Миллий кутубхонаси ва архиви бош директори Абдулла Мажид Ал Али ўртасидаги икки томонлама учрашув баёни 12 июнда имзоланди.
Пермь давлат ижтимоий-сиёсий тарих архивининг “VI Пермские научно-образовательные чтения “История Императорского Дома Романовых” доирасида ўтказиладиган “Царствование Императора Всероссийского Александра I Благословенного и эпоха Первой Отечественной войны. К 200-летию посещения Перми Императором Александром I” мавзусидаги Халқаро илмий-амалий анжуманида иштирок этиш мақсадида Ўзбекистон Миллий архиви катта илмий ходимлари М.Исакова ва Н.Мирзаев 2024 йил 9-15 июнь Россия Федерацияси Пермь шаҳрида хизмат сафарида бўлди. Ташрифда илмий тадбирларда маърузалар билан иштирок этилди, архив иши ва тегишли соҳа мутахассислари билан тажриба алмашилди, Пермь давлат ижтимоий-сиёсий тарих архивида мазкур архив фаолияти ва у ерда сақланаётаган Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид ҳужжатлар билан танишилди ҳамда 1912 йилда Туркистонга келган В.Никитиннинг шахсий архив жамғармасидан 150 та фото нусхалари ва 1 та кундаликнинг асл нусхаси юртимизга олиб келинди.
“Рақамли трансформация шароитида архивларни жамлашнинг долзарб масалалари” мавзусида анъанавий ўтказиладиган МДҲ давлатлари “Ёш архивчилар ёзги мактаби” VII малака ошириш дастурида иштирок этиш учун 2024 йил 11 июндан 14 июнгача Агентлик делегацияси (жами 5 киши) Қозоғистон Республикаси Олма-Ота шаҳрида хизмат сафарида бўлди. Хизмат сафари давомида ўрганилган тажрибалар асосида айрим қонун ости ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди (Вазирлар Маҳкамасининг 05.04.2012 й. 101-сон қарори) ва янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди (Ўзбекистон Республикаси Архив иши тўғрисидаги Қонунга қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида) ва Адлия вазирлигига киритилди.
2024 йил 14 июнда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га асос солинганлигига 23 йил тўлганлиги муносабати билан Агентлик Халқаро алоқалар бош мутахассиси Д.Дадаева Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси марказининг “ХАЛҚ ДИПЛОМАТИ” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Бутунроссия Ҳужжатлар ва архив ишлари илмий-тадқиқот институти (ВНИИДАД) таклифига биноан, 2024 йил 25 июнь куни Агентлик Ахборот технологиялари ва архив хизматларини ривожлантириш бўлими бошлиғи А.Турапов “Ўзбекистонда архив хизматларини рақамлаштириш. Муаммолар ва ечимлар” мавзусидаги маърузаси билан “МДҲга аъзо давлатларнинг архив ишларини ташкил этиш ва архив муассасаларини бошқариш тизими” мавзусидаги онлайн давра суҳбатида иштирок этди.
2024 йил 4-6 июль кунлари Тожикистон Республикаси Панжикент шаҳридаги Тожикистон педагогика институтининг “Артуч ўқишлари-VI” мавзусидаги анъанавий ўтказилиб келинаётган Халқаро илмий-амалий форумда иштирок этиш мақсадида Агентлик тизимидаги Ўзбекистон Миллий архиви катта илмий ходими, фалсафа доктори Н.Мирзаев Тожикистон Республикаси Панжикент шаҳрида хизмат сафарида бўлди. “ХIХ асрда Бухоро амирлигида анъанавий миллий байрамларнинг ташкил этилиши ва тартибга солишда қозиларнинг ўрни» мавзусидаги маърузаси билан иштирок этди.
2024 йил 6-9 август кунлари Тожикистон Республикаси Душанбе шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи—давлатлари архив хизматлари раҳбарларининг Маслаҳат кенгашининг навбатдаги ХХ йиғилиши ҳамда “Замонавий жамиятда кинофотофоно архивлари: ривожланишнинг долзарб йўналишлари” мавзусидаги Халқаро илмий-назарий анжуманида иштирок этиш мақсадида Агентлик директори Улуғбек Юсупов бошчилигидаги делегация (жами 5 киши) хизмат сафарида бўлди. Хизмат сафарида давомида ўрганилган тажрибалар асосида центабр ойида Ўзбекистон Кинофтофоно ҳужжатлари миллий архивида кино рақамлаштириш лабораторияси яратилди ва янги замонавий кино-сканер қурилмаси ўрнатилди.
Ўзбекистонда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Халқ дипломатияси марказининг таклифига мувофиқ, 2024 йил 22 августда “Халқ дипломатияси ва диний бағрикенглик миллатлараро мулоқотнинг самарали воситаси: Янги Ўзбекистон тажрибаси” мавзусидаги Халқаро анжуманда “Ўзархив” агентлиги вакиллари иштирок этишди.
Гёте Институтининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси талабалари ва мутахассислари (жами 15 киши) учун Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивида мазкур архив раҳбарияти ва малакали мутахассислари бошчилигида 2024 йил 6-7 сентябрь кунлари ҳамкорликда “workshop” (семинар) ташкил этилди.
2024 йил 7-12 сентябрь кунлари Татаристон Республикаси Қозон шаҳрида “KAZAN DIGITAL WEEK – 2024” Халқаро форумда ҳамда мазкур форум доирасида ўтказилган “Архив хизматларини рақамлаштириш. Муаммолар ва ечимлар” мавзусидаги Халқаро илмий-назарий анжуманда иштирок этиш мақсадида Агентлик директори Улуғбек Юсупов бошчилигидаги делегация (жами 2 киши) хизмат сафарида бўлди. Хизмат сафари давомида ўрганилган тажрибалар асосида Шажара (генеалогия) хизматини Ўзбекистон архивларида тадбиқ этиш концепцияси ишлаб чиқилиш жараёнида бўлиб, 2025 йилда ушбу хизматнинг янги талқинини жорий этиш белгиланди.
2024 йил 10-15 сентябрь кунлари Франция Республикаси Лион шаҳрида “WORLDSKILLS Lion Competititon-2024” 47-жаҳон касблар чемпионати доирасида ўтказилган халқаро конференциялар ва илмий-амалий анжуманларда иштирок этиш мақсадида Агентлик Ижро интизоми бўйича бош мутахассиси - директорнинг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлари делегацияси таркибида “кузатувчи” сифатида хизмат сафарида бўлди. Вазирлик-идоралар томонидан республикамизда турли йўналишларда фаолият олиб бораётган йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда ҳомийларни жалб қилиш масалалари келишиб олинди.
2024 йил 26 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий архивида Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Бейбут Атамкулов ва Агентлик директори Улуғбек Юсупов билан ишчи учрашув ташкил этилди.
2024 йил 1-4 октябрь кунлари “Жамиятнинг барқарор ривожланиши йўлида мерос институтлари” мавзусидаги халқаро иштирокдаги Қозоғистон архивчиларининг II Конгрессида иштирок этиш учун Агентлик директори Улуғбек Юсупов бошчилигидаги делегация (жами 3 киши) Қозоғистон Республикаси Олма-Ота шаҳрида хизмат сафарида бўлди.
Германиянинг Эрланген-Нюрнберг шаҳридаги Фридрих-Александр университети Янги ва Шарқий Европа тарихи кафедраси Ўзбекистон ва Марказий Осиё тарихини ўрганаётган ходимлар ва талабаларидан таркиб топган делегация вакиллари (жами 16 киши) Ўзбекистон Миллий архиви фаолияти билан танишиш ва тажриба алмашиш мақсадида 2024 йил 4 октябрда Ўзбекистон Миллий архивига ишчи ташрифи ташкил этилди.
Россия Федерацияси Екатеринбург шаҳридаги Урал федерал университетида 2024 йил 18 октябрда ўтказилган III Урал тарихий-архив форуми ва унинг доирасида ташкиллаштирилган давра суҳбатида иштирок этиш учун 2024 йил 15-18 октябрь кунлари Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви директори З.Абдулладжанова Россия Федерацияси Екатеринбург шаҳрида хизмат сафарида бўлди.
KOICA томонидан 2024 йил 14 октябрдан 23 октябргача ўтказилган “Рақамли ҳужжатларни бошқаришда жамоатчилик салоҳиятини ошириш” мавзусидаги навбатдаги қисқа муддатли халқаро дастурида иштирок этиш учун Агентлик Ахборот технологиялари ва архив хизматларини ривожлантириш бўлими бошлиғи А.Зиятдинов бошчилигидаги делегация (жами 2 киши) Корея Республикасида хизмат сафарида бўлди.
2024 йил 18-26 октябрь кунлари ўтказилган Ўзбекистонда халқаро маданий мерос ҳафталиги доирасида 2024 йил 21 октябрда бўлиб ўтган “Маърифат нури: ХIХ ва ХХ асрларнинг адабий ва илмий-маданий ислоҳотлари” мавзусидаги Халқаро анжуманда Агентлик директорининг Маънавият ва давлат тили бўйича маслаҳатчи Ш.Турсунбаев иштирок этди.
Мамлакатимизда 2024 йил 27 октябрда бўлиб ўтган сиёсий тадбирда Латвиядан иштирок этган халқаро кузатувчи Латвия университети Академик кутубхонаси директори Вента Коцере Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона директори Умида Тешабаева ҳамроҳлигида ва Агентлик раҳбарияти иштирокида 2024 йил 26 октябрда Ўзбекистон Миллий архивида ишчи учрашув ташкил этилди.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази томонидан 2024 йил 28 октябрда ўтказилган “Ўзбекистон халқ дипломатияси: тарих, бугун ва келажак” мавзусидаги I Халқ дипломатлари конгрессида Агентлик Халқаро алоқалар бўйича бош мутахассиси Д.Дадаева иштирок этди.
Мамлакатимизда 2024 йил 27 октябрда бўлиб ўтган сиёсий тадбирда Хитой Халқ Республикасидан иштирок этган халқаро кузатувчи Хитой Шанхай чет тиллар университетининг Шанхай Глобал бошқарув ва минтақавий тадқиқотлар академиясининг профессори ва ижрочи декани Ян Чен ва бир гуруҳ хитойлик талабалар (жами 7 киши) томонидан Ўзбекистон Миллий архивига 2024 йил 29 октябрда ишчи ташриф амалга оширилди.
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) Ўзбекистондаги ваколатхонасининг таклифига мувофиқ, Корея экспертларидан иборат КОИCА делегацияси (жами 4 киши) ва Агентлик директори Улуғбек Юсупов ўртасида 2024 йил 3 декабрда Ўзбекистон Миллий архивида ишчи учрашув ташкил этилди. Учрашув чоғида KOICA томонидан Тошкент давлат юридик университетида амалга оширилиши режалаштирилаётган “Марказий Осиё Рақамли ҳуқуқ марказини ташкил этиш орқали юқори даражадаги ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш ва ҳуқуқий таълимни мустаҳкамлаш лойиҳаси” юзасидан мувофиқликни ўрганиш мақсадида мазкур лойиҳани амалга оширилишини стратегик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича музокара олиб борилди ҳамда Агентлик билан KOICA ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
