"Ватан ҳимоячилари куни" тарихи | Шухрат Мир Райим
2026-01-14 10:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари
"Ватан ҳимоячилари куни" тарихи
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни барчангизга муборак бўлсин!
Ушбу сананинг тарихи архив ҳужжатларида белгилаб берилганлигини кўриш мумкин. Жумладан, давлат мустақиллигининг илк кунларидан Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Фармонига биноан Ўзбекистонда илк бора Мудофаа ишлари бўйича вазирлик ташкил этилди. Бу 1991 йил 6 сентябрдаги тарихий Фармон эди. Йиллар давомида собиқ шўро тузилмаларига хизмат қилиб келган ўзбек армияси мустақилликнинг биринчи ҳафтасидаёқ ватанни асрашнинг мукаммал, ҳуқуқий асосига эга бўлди.
1992 йил 14 январда қабул қилинган Президент қарори билан республикамиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикасининг тасарруфига ўтказилди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Олий кенгашида Ватан ҳимоячилари кунини белгилаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси келиб тушган. Кўп муҳокамалардан сўнг 1993 йил 29 декабрда Олий Кенгашга тақдим этилган лойиҳа асосида Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган. Ушбу қонунда юқоридаги қарорга асосланган ҳолда 14 январь – Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни этиб белгиланган.
Ватанни қўриқлаш-уни нафақат сарҳадларини, балки ҳар бир фуқаросини, тилини, динини, қадриятларию, халқимизнинг урф-одатларини ёд кўзлардан қўриқлашни англатади. Мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлигини, тинч-осойишталигини, мустақиллигини, бунёдкорлигини, халқимиз меҳнатини ҳимоя қилишни англатади. Бу кун ватанпарварлик руҳида тарбияланаётган барча ёшларимизни ҳимоя қилишни англатади.
Ушбу кунни байрам сифатида нишонлаш, кунни белгилаш тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Миллий архивида сақланмоқда.
Шухрат Мир Райим
