«Ўзархив» агентлиги директори Улуғбек Юсуповнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича аҳоли ва архив тизими ходимларига МУРОЖААТИ
2025-12-30 16:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

«Ўзархив» агентлиги директори Улуғбек Юсуповнинг
коррупцияга қарши курашиш бўйича
аҳоли ва архив тизими ходимларига
МУРОЖААТИ
Ҳурматли юртдошлар!
Азиз архив тизими ходимлари!
Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси, аввало, давлат органлари ва ташкилотларида қонунийлик, шаффофлик ва ҳалоллик тамойилларининг тўлақонли қарор топишига бевосита боғлиқдир. Шу маънода коррупцияга қарши муросасиз курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ҳурматли Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаларида коррупциянинг жамият ва давлат тараққиёти учун нақадар хавфли иллат эканини алоҳида таъкидлаб, қуйидаги сўзларни айтдилар:
“Коррупция - давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса ислоҳотларимизга хиёнатдир! Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026 йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз”.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган ушбу қатъий ва принципиал позиция барчамиз учун аниқ дастуриламал бўлиши лозим. Шу муносабат билан барча идора ва ташкилотларда, жумладан архив тизимида ҳам комплаенс ва коррупцияга қарши ички назоратни кучайтириш, масъул раҳбар ўринбосарлари ҳамда назорат механизмларини жорий этиш белгиланди.
Бу огоҳлантириш ҳар бир раҳбар ва ҳар бир ходимга бирдек тааллуқлидир. Архив соҳасида ишлаётган ҳар бир раҳбар ва мутахассис ўз фаолиятида қонунга, касбий этика қоидаларига ва виждонига таяниши шарт.
«Ўзархив» агентлиги коррупцияга қарши курашишда намунали орган бўлиши учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этишимиз лозим. Биз учун ҳалоллик - шунчаки шиор эмас, балки кундалик иш фаолиятимизни белгилаб берувчи асосий мезондир. Шу маънода “Ҳалоллик вакцинаси” ҳар бир ходимнинг онги ва қалбида мустаҳкам қарор топиши, коррупцияга нисбатан мутлақо муросасиз иммунитет шаклланиши зарур.
Архив соҳасида шаффофликни таъминлаш, буджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш - бизнинг устувор вазифамиздир. Комплаенс хизмати фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки ноқонуний ҳаракатларга кўз юмиш коррупцияга шериклик сифатида баҳоланишини ҳар ким аниқ англаб етиши керак.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Биз архив тизимида ҳалол меҳнат, пок ният ва юксак масъулият муҳитини ярата олсак, халқимизнинг давлат органларига бўлган ишончи янада мустаҳкамланади. Коррупцияга қарши кураш - бу фақат назорат эмас, балки онг, тарбия ва шахсий намуна масаласидир.
Барчангизни қонун устуворлигига содиқ, ҳалол ва фидойи бўлишга, «Ўзархив» агентлиги ва давлат архивларини коррупциядан холи, очиқ ва ишончли тизимга айлантириш йўлида биргаликда қатъият билан ҳаракат қилишга чақираман.
Фақат шу йўл билан биз давлатимиз раҳбари олдимизга қўйган юксак ишончни оқлаймиз ва келажак авлод олдида юзимиз ёруғ бўлади.
