Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги “2025 йил якунлари: асосий натижалар” мавзусидаги БРИФИНГ
2025-12-26 16:55:00 / Янгиликлар

“Ўзархив” агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев иштирокида 2025 йил 26 декабрдаги “2025 йил якунлари: асосий натижалар” мавзусида
БРИФИНГ
Ассалому алайкум ҳурматли юртдошлар
Архив иши соҳасида 2025 йилги ҳисобот даврида бажарилган ишлар тўғрисида маълумот берамиз.
Ўзбекистон миллий архивлари ва республика давлат архивлари томонидан жами 1,2 млн. сақлов бирлигидаги 96,9 млн. кадр ҳужжатлар рақамлаштирилди.
2025 йил бошидан 115,8 минг сақлов бирлигидаги қарийб 15,2 млн. кадр рақамлаштирилди ва режа 101,8 фоизга бажарилди.
Ўзбекистон миллий архивлари ва давлат архивлари томонидан “Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларни ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш” ахборот тизимида жами 1,29 млн маълумотлар тўпламлари киритилди, шундан 422 та фонд, 1634 та рўйхат, 347 минг сақлов бирлиги ва 946 минг ҳужжат базаси яратилди ҳамда режа 108 фоиз бажарилди.
Давлат архивларини модий техника базасини тустаҳкамлаш, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш мақсадида таъминлаш учун 100 та замонавий компьютер харид қилиниб, тегишли давлат архивларига ўрнатилди.Давлат архивларининг моддий техника базасини ривожлантириш, шу жумладан турли хилдаги 105 та сканерлаш ускуналари харид қилинди. Архив ҳужжатларининг суғурта фондини яратиш тизими жорий қилинди, шу жумладан 35 мм кенгликдаги плёнкалар билан ишлайдиган SMA 51 ускунаси белгиланган тартибда харид қилиниб, Ўзбекистон миллий архивида ишга туширилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 апрелдаги 208-сон қарори асосида архив соҳаси мутахассисларини баҳолашга мўлжалланган «Архив иши» тизимида модул (сервис) ишлаб чиқилиб, қуйидагилар бажарилди:
-
малака мезонлари асосида тест саволларини қўшиш;
-
фойдаланувчини онлайн тестдан ўтказиш ва баҳолаш;
-
фойдаланувчини онлайн суҳбатдан ўтказиш ва баҳолаш;
-
тест ва суҳбат натижаси асосида автоматик маълумот ва сертификатни шакллантириш;
-
амалдаги касбий компетентлик гувоҳномалари ҳақидаги маълумотлар архив ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказилган талабгорлар реестрига киритилишини таъминлаш.
Давлат назорати модулини такомиллаштириш: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги «Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-184-сон Фармони асосида Давлат назорати модулини такомиллаштириш ва технологик йўриқнома асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг «Ягона давлат назорати» ахборот тизими билан интеграция қилинди.
“Ўзархив” агентлиги ва Кадастр агентлигининг 2025 йил 20 майдаги “Тизимда коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларнинг олдини олиш тўғрисида” қўшма буйруғига мувофиқ, “Архив иши” ахборот тизимида (my.archive.uz) 700 нафардан зиёд Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) филиаллари масъул ходимлари рўйхатдан ўтказилди. Ҳозирда Давлат архивлари томонидан ерга оид сўровларга жавоб берилганда кадастр ходимлари томонидан ушбу жавобнинг асос ҳужжатиларини текшириш имконияти яратилди.
Давлат хизматлари ягона реестрига (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2023 йил 27 октябрда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3467) кўра Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлигига тегишли 10 та хизмат мавжуд.
“Ўзархив” агентлиги томонидан кўрсатиладиган электрон давлат хизматлари қамров даражаси оширилиб, электрон давлат хизматлари сони 10 тага етказилди.
2025-йилда жорий этилган хизматлар:
1. Нодавлат архивнинг фаолияти бошланганлиги ёки тугатилганлиги тўғрисидаги хабарнома (license.gov.uz);
2. Талабгорларни архив ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказиш (my.gov.uz).
Маълумот учун: Давлат хизматлари ягона реестрига киритилган “Ўзархив” агентлигига тегишли 8 та давлат хизмати белгиланган тартибда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ҳамда 2 та давлат хизмати “Лицензия” ахборот тизими (license.gov.uz) орқали электрон шаклда кўрсатилмоқда.
2025 йил давомида Республика архивларига жами 557 975 та мавзули ва ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар келиб тушган.
Жумладан, ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар 409 084 та ташкил этиб, шундан давлат архивларига 218 468 та, шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивларига 190 616 та келиб тушган.
Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали 391 478 та, анъанавий почта ва электрон почта орқали 14 578 та ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар келиб тушган бўлса, шундан, 3 028 нафар фуқаро бевосита архивга мурожаат этган.
Архив ҳужжатлари асосида 283 953 та ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар ижроси бажарилиб, улардан 264 326 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 19 627 таси бўйича тегишли тушунтиришлар берилган. Ташкилот ҳужжатлари архив сақловига келиб тушмаганлиги ва тааллуқлилиги бўйича тегишли ташкилотларга юборилган сўровлар 115 155 тани, ҳисобот даврида ижродагилар 9 976 тани ташкил этади.
Шунингдек, келиб тушган мавзули сўровлар 148 891 тани ташкил этиб, шундан давлат архивларига 138 218 та, шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивларига 10 673 та сўровлар келиб тушган.
Архив ҳужжатлари асосида 148 891 та сўровлар ижроси бажарилиб, улардан 120 962 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 27 929 тасига ташкилот ҳужжатлари архив сақловига келиб тушмаганлиги бўйича тушунтиришлар берилди.
“Ўзархив” агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларига 2025 йил
давомида жисмоний ва юридик шахслардан 1503 та мурожаатлар келиб тушган, жумладан, 1402 таси ариза бўлса, 101 таси шикоят туридаги мурожаатлар ҳисобланади.
Келиб тушган мурожаатларнинг 823 таси қаноатлантирилган, 496 таси бўйича тушунтириш берилган, 70 таси тааллуқлилиги бўйича тегишлиги ташкилотларга юборилган, ҳисобот даврида 29 та мурожаатлар кўриб чиқилмоқда.
Бундан ташқари, 2025 йил давомида ўтказилиши режалаштирилган 20 та сайёр қабулдан, амалда ўтказилган сайёр қабуллар сони 20 тани ташкил этди, шу жумладан, Агентлик директори томонидан 14 та, директор ўринбосари томонидан 6 та сайёр қабул ўтказилган.
Агентлик тизимидаги архив муассасаларида 2025 йил давомида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда камчилик ҳамда қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйганликлари учун 13 нафар раҳбар ва масъул ходим интизомий жавобгарликка тортилган.
“Ўзархив” агентлиги ва Архив иши ҳудудий бошқармалари томонидан 355 та вазирлик ва идоралар ҳамда бошқа ташкилотларда архив иши ва иш юритиш ҳолати устидан давлат назорати амалга оширилди.
Давлат назорати тадбирлари натижасида 341 та ташкилотларга кўриб чиқиши мажбурий бўлган тақдимномалар юборилди. Текширишда аниқланган қонунбузилишлари бўйича 76 нафар масъул ходимларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 2154-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишли суд органларига юборилди ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 5 та материал юборилди.
Ўзбекистон Республикаси Халқаро шартномавий-ҳуқуқий фаолиятини такомиллаштиришга доир 2022–2026 йилларга мўлжалланган иш режаси 10-бандига мувофиқ маҳаллий ташкилотлар ҳамда МДҲ ва хорижий давлатлар архивлари, музейлари ва илмий-амалий институтлари ва идоралари билан архив иши ва иш юритиш соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида 7 та халқаро ҳужжат имзоланган.
2025 йилда Агентлик томонидан АҚШ, Япония, Италия, Буюк Британия, Австрия, Германия, Чехия, Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Қирғиз Республикасидан бўлган 71 та хорижий тадқиқотчиларга Ўзбекистон миллий архивлари, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Фарғона, Сирдарё, Тошкент вилоятлари давлат архивлари, Қўқон шаҳар давлат архиви ҳамда Тошкент шаҳар Марказий давлат архиви ўқув залларига ташриф буюришлари учун ўрнатилган тартибда рухсат берилган.
2025 йил 23-26 апрель кунлари Бухоро шаҳрида “Ўзбекистон-Озарбайжон алоқалари архив фото ҳужжатларида” китоб-албомининг тақдимоти ва “Ўзбекистон ва Озарбайжон икки қардош халқ” мавзусидаги қўшма архив ҳужжатлари кўргазмаси ўтказилган.
2025 йил 13-17 май кунлари Тошкент шаҳрига Россия Федерацияси Пермь давлат ижтимоий-сиёсий тарихи архиви делегациясининг ташрифи амалга оширилди ҳамда 14 майда “Ўзбекистонлик меҳнат армиячиларининг Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги жасорати” мавзусидаги қўшма кўргазма ўтказилган.
2025 йил 20-22 май кунлари Самарқанд шаҳрига Татаристон Республикаси Архив иши бўйича Давлат қўмитаси (Россия Федерацияси) раиси Г.З. Габдраҳманова бошчилигидаги делегациянинг ташрифи амалга оширилди ҳамда 21 майда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ҳамда Татаристон Республикаси Архив иши бўйича Давлат қўмитаси ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма тадбирларни амалга ошириш бўйича Чора-тадбирлар режаси имзоланган.
2025 йил 19-22 август кунлари Бухоро шаҳрида “Ўзбекистонда Қозоғистон архивлари кунлари” ўтказилди. Халқаро тадбир доирасида “Ўзбекистон архивларида Қозоғистон билан алоқаларга оид архив ҳужжатлари” ва “Қозоғистон архивларида Ўзбекистон билан алоқаларга оид архив ҳужжатлари” кўргазмалари намойиш этилди. Кўргазмалардан сўнг янги нашр этилган “Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида маданий ҳамкорлик архив фото ҳужжатларида” китоб-албомининг тақдимоти ҳамда “Ахборот жамиятида архивлар ўрни ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ялпи мажлисининг очилиш маросими ўтказилди.
2025 йил 22-25 сентябрь кунлари Беларус Республикаси Адлия вазирлиги Архивлар ва иш юритиш департаменти директори О.Л. Воинов бошчилигидаги делегациянинг Тошкент шаҳрига ташрифи амалга оширилди. Архив соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш.
“Ўзбекистон-2030” стратегиясининг 2025 йилга белгиланган давлат дастури бўйича 4 та мақсадларида 21 та вазифалар, тадбирлар ташкил этилди;
2025 йил соҳада “Архивлар — тарих кўзгуси, рақамли келажак ойинаси” номи билан белгиланди ҳамда ижтимоий тармоқларда тарғиботи олиб борилди. Шу мавзуда 500 нусхада бадиий-публицистик китоб-қўлланма чоп этилди.
Тизимда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш борасида “Агентлик директори кубоги” мини-футбол чемпионати, “Агентлик шоҳсупаси” шахмат турнири, спортнинг 8 та тури бўйича спорт мусобақалари тизимли ташкил этилди. Хотин-қизлар ва аёлларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш ва соҳада ортирилган тажриба алмашиш мақсадида “Архив маликалари” танлови, “Заковат” интеллектуал ўйинлари ташкил этилди.
Йил давомида архив иши соҳасида 160 та “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари ўтказилиб, унда архив иши соҳасини тарғиб қилиш, ёшларга ватанимиз тарихи ҳамда архивларда сақланаётган тарихга оид мавзулардаги фото ва архив ҳужжатлари намойиш этилди.
8 та Конференция, 31 та семинар, 28 та давра суҳбатлари, 29 та оммавий тадбирлар – акциялар, 6 та республика ҳамда 37 та ҳудудий фотокўргазмалар ўтказилди.
33 та тизим ташкилотларида режавий тартибда аудит назорат тадбирлари ўтказилиб жами 516,848 млн. сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган бўлиб, шундан 184,813 млн. сўми маҳаллий бюджетга тикланган, 3 та ташкилотда аниқланган 318,167 млн. сўмлик камчиликлар юзасидан ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.
2026 йилда қуйидаги ишларни амалга ошириш режалаштирилмоқда:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 ноябрдаги ПФ-228-сон Фармони билан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш.
Ўзбекистон миллий архивида синов тариқасида RFID технологиясини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Миллий архиви биносида RFID технологияси қурилмалари олиб келиш, синов ишлари олиб бориш.
Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда лойиҳа-техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш.Шунингдек, Mohirdev компанияси билан ҳамкорликда архив ҳужжатларининг матнини таниб олиш ва метамаълумотларни ахборот тизимига киритиш жараёнларини автоматлаштириш имконини берувчи сунъий интеллектга асосланган дастлабки дастур ишлаб чиқиш, уни тегишли ахборот тизими билан интеграция қилиш ва синовдан ўтказиш.
Ҳиндистон, Вьетнам, Иордания, Афғонистон, Италия, Польша, Хитой архив муассасалари билан ҳанкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ҳамкорлик ҳужжатларини имзолаш.
Россия Федерацияси Перм давлат ижтимоий-сиёсий тарихи архиви билан ҳамкорликда “Ўзбекистонлик меҳнат армиячиларининг жасорати” мавзусидаги қўшма архив ҳужжатлари тўпламини нашр этиш ва тақдимотини ўтказиш.
Беларус Республикаси Адлия вазирлиги Архивлар ва иш юритиш бошқармаси билан ҳамкорликда “Архив ҳужжатларидан фойдаланиш” мавзуси бўйича халқаро илмий-амалий семинарни ўтказиш. Венгрия Миллий архиви билан ҳамкорликда архив иши соҳасига доир келишилган мавзуда давра суҳбатини ўтказиш. Ўзбекистон Республикаси архив муассасалари ходимларини Беларус Республикаси ва Венгрия архив муассасаларида тажриба алмашиш мақсадида стажировкасини амалга ошириш.
Татаристон Республикаси Архив иши бўйича Давлат қўмитаси билан ҳамкорликда архив ҳужжатлари асосида “Авлодлар хотираси: Ўзбекистон. Татаристон” мавзусидаги қўшма Интернет-кўргазма лойиҳасини амалга ошириш.
БАА грант маблағлари эвазига “Ўзбекистон Миллий архивининг янги биносини қуриш” лойиҳаси доирасида қурилиш ишларини бошлаш.
Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизга мурожаат қилмоқчимиз. Азиз юртдошлар! Агар давлат архивларида ноқонуний ҳатти-ҳаракатларнинг гувоҳи бўлсангиз “Ўзархив” агентлигининг 55-50-301-50 рақамли “Ишонч телефони” ёки antikorarchivebot ёҳуд https://t.me/direktorga_murojaat орқали хабар беришингизни сўраймиз.
Эътиборингиз учун раҳмат саломат бўлинг!
