«Шажара» ахборот тизими бўйича ишлар олиб борилмоқда
2025-12-19 16:05:00 / Янгиликлар

«Шажара» ахборот тизими бўйича ишлар олиб борилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 ноябрдаги ПФ–228-сон Фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан «Шажара» ахборот тизими ишга туширилиши белгиланди. Бугун ушбу тизимни ишлаб чиқиш бўйича навбатдаги ишчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда «Ўзархив» агентлиги директори Улуғбек Юсупов, шажарашунос олимлар, тарихчилар, агентлик ходимлари ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази мутахассислари иштирок этди. Шунингдек, йиғилишда Дўстматов Муқаддис Разоқович — “Олтин мерос” халқаро хайрия фонди ижрочи директори, “Олтин мерос” халқаро жамоат фондининг “Шажарашунослик ва манбашунослик” бўлими тадқиқотчи шажарашуноси, халқаро PhD доктори, фахрий шажарашунос Асқар Абидов, тадқиқотчилар Артур Тлегенов ва Фурқат Яквалходжаев, Ўзбекистон Миллий архиви катта илмий ходими Мирзаев Насриддин, шунингдек Акмал Пиримқулов ҳамда “Олтин мерос” халқаро хайрия фонди ходими Низомиддин Аброров қатнашдилар.
Йиғилиш давомида шажарани архив ҳужжатлари асосида тузишнинг ўзига хос хусусиятлари, архив ҳужжатларини рақамлаштиришда эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар ҳамда ахборот тизими аҳоли учун максимал даражада қулай ва ишончли бўлиши учун зарур чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Яратилувчи «Шажара» ахборот тизимининг асосий мақсади фуқароларга ўз оилавий шажаралари ва этник илдизлари ҳақидаги маълумотларни электрон платформа орқали қулай, тез ва ишончли тарзда тақдим этишдан иборат. Тизимнинг мақоми ва функциялари жаҳондаги FamilySearch, MyHeritage каби йирик генеалогик сервислар ҳамда Татаристондаги “Yadkyar” портали тажрибасига мувофиқ ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
«Шажара» ахборот тизими ишга туширилганидан сўнг, ҳар бир фуқаро ўз оила тарихини ва илдизларини осон ва самарали тарзда ўрганиш имкониятига эга бўлади.







