Қаровсиз ҳайвонларга янги “Ҳаёт”
2024-08-05 11:00:00 / Новости

Қаровсиз ҳайвонларга янги “Ҳаёт”
Бошпанасиз ҳайвонлар муаммосига қачон тўлиқ ечим топилади?
Ижтимоий тармоқларда кўп кузатамиз, ҳавонларга бўлган шавкатсизликларни. Бундай ҳолатлар нафақат чет давлатларда, минг афсуски, ўзимизда ҳам содир бўлаётган воқеалардир.Айниқса, бошпанасиз ит, мушуклар билан боғлиқ вазият анчайин жиддий. Одамлар уларни шунчаки заҳарлаб ўлдириб юборади. Ҳаттоки, маҳалла гуруҳларида дайди ҳайвонларни ўлдириш учун дорилар келгани, аҳоли олиб кетиши мумкинлиги ҳақида хабарлар ёзилади. Оммавий тутилиб, шунчаки отиб ташланган ҳайвонлар ҳақида тез-тез эшитамиз. Тўғри, улар қутурган бўлиши мумкин, кишиларни тишлаши, зарар етказиши мумкин. Лекин оқибатларгача бўлган йўлчи? Бошпанасиз уй ҳайвонлари қаердан пайдо бўляпти? Қонунчилигимизда қандай бўшлиқ борки, уларни шунчаки отиб ёки заҳарлаб ўлдириш мумкин? Қаровсиз ҳайвонлар билан шуғулланишга ўзи ким масъул? Олиб кетилганидан кейин уларни қандай тақдир кутяпти?
Айни мавзуда бошпанасиз, қаровсиз ва ёрдамга муҳтож уй ҳайвонлар учун Марказий Осиёдаги биринчи расмий ва энг йирик бошпаналарни ташкил этган “Ҳаёт” волонтёрлик гуруҳи асосчиси Ирина Маткаримова билан суҳбатлашдик.
Қонунчиликда қандай бўшлиқ бор?
– Ирина опа, энг аввало, волонтёрлик лойиҳангиз ҳақида савол берсам. Айтингчи, ушбу гуруҳ тузилишига нима зарурат бор эди?
– Волонтёрлик гуруҳи тузилишига Ўзбекистонда бошпанасиз ҳайвонлар муаммоси ҳал этилмагани учун зарур бўлди. Атрофимизда қаровсиз ва ёрдамга муҳтож уй ҳайвонлари талайгина топилади. Лойиҳамиз мана шундай бошпанасиз ҳайвонлар учун Марказий Осиёдаги биринчи расмий ва энг йирик бошпаналарни ташкил қилди. Айни пайтда лойиҳа доирасида ташкил этилган бошпанада 7 мингдан ортиқ ит ва 20 та эшак ўз уйини топган. Унда уй ҳайвонлари учун озиқ-овқат ва тиббий ёрдам кўрсатиш амалга оширилади.
– Дунёнинг аксар мамлакатларида ҳайвонларни муҳофаза қилишга қаратилган қонунчилик мавжуд ва у инсоннинг ҳайвонот дунёсига нисбатан муносабатини тартибга солади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш тегишли қарор билан тартибга солинган. Лекин вазият яхшиланмаяпти. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз?
– Бу муаммо тобора долзарблашиб бораётганига сабаблардан бири Ўзбекистонда “Ҳайвонларга масъулият билан муносабатда бўлиш тўғрисида”ги қонуннинг йўқлигидир. Бундан ташқари, ҳозирда ушбу масалани ҳал қилишга қаратилган ягона қонунчилик ҳужжати ҳам ҳаётга татбиқ этилмаган, жуда кўп масалалар очиқ, қарорни мукаммал деб бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳудудлардаги бошпанасиз ҳайвонларни тегишли тартибда ушлаш билан Ободонлаштириш ташкилотлари ҳузурида фаолият олиб борадиган қаровсиз ҳайвонларни тутиш бўлимлари шуғулланиши кераклиги белгиланган. Тутилган ҳайвонларни сақлаш учун бошпаналар барпо этиш, уларни озиқлантириш, парваришлаш, ўлган ҳайвонларнинг жасадларини йўқ қилиш учун крематорийлар қуриш ҳам уларнинг зиммасида.
Бироқ бу тизим фаолиятини қониқарли деб бўлмайди. Уларда моддий техника базаси йўқ, ҳайвонларни вақтинча сақлаш жойлари санитария гигиена талабларига жавоб бермайди, ҳайвон организми учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланмаган. Кўплаб қўлга олинган итлар очлик, иссиқлик, совуқ, озиқ-овқат ва сув етишмаслиги, қўлга олиш пайтида олинган жароҳатлардан ўлишади. Чунки бу ҳужжат парваришлаш учун маблағ ажратишни назарда тутмайди. Яна бир жиҳати, қаровсиз ҳайвонларни вақтинча сақлаш пунктларида ҳайвонлар 5 кунгача сақланиши мумкинлиги белгиланган. 5 кундан кейин омон қолган “омадли” ҳайвонлар билан нима содир бўлади? Бу ҳақда бирор нарса дейилмаган. Ушбу хизматларда эвтаназия мавжуд эмас. Ҳайвонлар ҳар қандай мавжуд восита: белкурак, ахлат ташувчи машиналардаги пресслардан фойдаланган ҳолда механик равишда ўлдирилади.
Ҳатто қўлга олиш жараёни кўпинча жуда шафқатсиз тарзда амалга оширилиб, бу жамиятда салбий резонанс ва кўплаб шикоятларини келтириб чиқаради.
Бор қоидаларга ҳам амал қилмаяпмиз
– Бу қаровсиз ҳайвонларни сақлаш борасида ҳукумат томонидан йўл қўйилган камчиликлар. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор. Бошпанасиз ҳайвонлар қаердан пайдо бўлиб қоляпти?
– Кўплаб давлатлар уйсиз ҳайвонлар муаммосини енгишга муваффақ бўлишган. Чунки жаҳонда уй ҳайвонларига эгалик қилувчилардан алоҳида масъулият талаб қилиниб, уларни сайр қилдириш, тиббий кўрикдан ўтказиш, ноқулай қафасларда сақламаслик, қўпол муносабатда бўлмаслик каби мажбуриятлар юклатиляпти. Биздачи? Аҳолимиз янги туғилган мушук, кучук болаларини қопга солиб, шунчаки уйидан узоқроқ жойга ёки ариқларга ташлаб кетмоқда.
Биргина Тошкент шаҳрида ҳар йили ўн минглаб ҳайвон овланади. Дунёнинг ҳеч бир давлати бунчалик кўп ҳайвонларни бошпаналарда сақлашга қодир эмас. Кўчаларда бу даражада кўп бошпанасиз ҳайвонларнинг пайдо бўлишининг сабаби юқоридаги қарорда белгиланган парваришлаш қоидаларига риоя қилмасликдир.
Вазирлар Маҳкамасининг 202-сонли қарорининг 4-иловасида аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидалари белгиланган. Унда итларни рўйхатдан ўтказиш, вакцинация қилиш, ветеринария паспорти бўлиши кераклиги, кўп қаватли уйнинг алоҳида квартирасида қўшниларнинг розилиги билан биттадан ортиқ бўлмаган итни ва битта мушукни сақлашга рухсат берилиши, алоҳида уйда итларни сақлашга фақат боғланган ҳолда, эркин сайр қилдиришда – атрофи ўралган ҳудудда ажратилган ҳолда сақлашга йўл қўйилиши белгиланган.
Шунингдек, эгалар ит ва мушукларга жароҳат етказиш, уларни қаровсиз ҳолда қолдириш, жисмоний ва маънавий азоб бериш, атрофдаги одамлар ва ҳайвонларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган зарур чораларни кўриш, итларнинг қўшнилар тинчлигини бузиб тинимсиз вовиллашига йўл қўймаслик чораларини кўришга мажбур. Ушбу қоидаларнинг бажарилишини ички ишлар органлари назорат қилиши керак.
Аммо амалда кўриб турганимиздек, қоидаларга ҳеч ким риоя қилмайди, риоя қилишни ҳеч ким назорат қилмайди ҳам. Кундузи ҳайвонларни қуёшдан ҳимояланган, сув ва озиқ-овқат билан таъминланган хонада сақлаш керак. Аммо кўпчилик ит, мушуклар ўз овқатини топиб ейиши керак, деб ҳисоблашади. Натижада ҳаракат эркинлигига эга итлар кўпаяди, бунинг ортидан бошпанасиз ҳайвонлар ҳам.
Оқибатлар билан курашишдан кўра муаммо пайдо бўлишининг олдини олиш яхшироқ. Биз қаровсиз ҳайвонлар пайдо бўлишининг олдини олишга эътибор қаратишимиз керак. Баъзи мамлакатларда уй ҳайвонини кўчага ташлаганлик учун жарима 10 000 еврогача жарима мавжуд. Шунингдек, уй ҳайвон болаларини интернет орқали сотишга ҳаракат қилиш учун ҳам жарима бор. Чунки бирор киши кимгадир кучукча сотмоқчи бўлса, бу унга керак эмаслигини англатади. Бу ҳолда у стерилизация ҳақида ўйлаши, улар пайдо бўлишининг олдини олиши керак эди. Ўзбекистонда эса бу ҳақда ҳеч ким ўйлаб кўрмайди, Шу йўлни тутмоқчи бўлганлар эса сифатсиз ветеринария хизматлари муаммосига дуч келади. Бизнинг ветеринария хизматларимиз (хусусий ветеринария клиникаларидан ташқари) ҳайвонларни ҳимоя қилиш бўйича Европа конвенцияси стандартларига мувофиқ эмас, ҳайвонларни стерилизация ва кастрация қилиш бўйича малакали ходимлар йўқ. Давлат ветеринария бўлимларининг шифокорлари бундай операцияларни беҳушлик ёрдамида, инсоний тарзда ўтказиш усуллари билан таниш эмас. Аҳолига мажбурий стерилизация ва кастрация зарурлиги ҳақида маълумот берилмаган.
Шунингдек, универсал, мажбурий стерилизация зарурати ҳозирда қонун ҳужжатларида белгиланмаган. Натижада, овлаш хизматлари орқали олиб келинган итларнинг 99,9 фоизи уй ҳайвонлари бўлиб, улар умуман тажовузкор эмас. Шундай қилиб, эгаларининг масъулиятсизлиги туфайли ҳайвонлар даҳшатли, оғриқли ўлимга маҳкум бўлади. Тўғри, бошпанага тушганлар бундан мустасно. Аммо уларнинг сони жуда кам. Бу эрда ҳам баъзи ҳайвонлар эгасини соғиниб, овқат ейишдан бош тортган ҳолда ўлишади. Шу сабабли, дунёдаги бирон бир бошпана яхши шароитларни таъминлай олмайди, чунки улар ҳамроҳ ҳайвон, у уйга муҳтож ва мутахассисларнинг фикрига кўра, унинг эҳтиёжи эгасига хизмат қилишдир.
“Ҳаёт” волонтёрлик гуруҳи фаолияти қандай?
– Англаганимиздек, юқорида санаб ўтилган камчиликлар тузатилсагина вазият яхшиланиши мумкин. Бироқ бугунги муаммоли, ачинарли даврда қаровсиз ҳайвонларга янги ҳаёт бераётган “Ҳаёт” гуруҳида нечта волонтёр бор? Бошпаналар қуриш, ҳайвонларни сақлаш учун маблағ қаердан олинади?
– Бизнинг нодавлат нотижорат ташкилотимиз фаолияти Адлия вазирлиги ва Солиқ инспекцияси томонидан назорат қилинади. Доимий ҳомийлар ёки давлат ёрдами йўқ. Ҳисобимизга тушган барча тушумлар “Cлиcк”, “Пайме” ва бошқа тўлов тизимлари орқали ғамхўр фуқаролардан тушган хайрия маблағларидир. Фақат ана шу инсонлар шарофати билан биз минглаб ҳайвонларга ғамхўрлик қиляпмиз.
Гуруҳимизда 50 га яқин кўнгиллилар доимий равишда бошпанага ёрдам беришади. Аммо биз кўнгилли деб атай олмайдиган, аммо гоҳ ўзлари келиб, гоҳ озиқ-овқат, дори-дармон билан хайр-эҳсон қиладиган одамлар ҳам кўп. Биз учун кичик, арзимас нарса йўқ, ҳар қандай ёрдам муҳим. Пенсионерлар ҳам, ёшлар ҳам ёрдам беришади.
Бизнинг турли гуруҳ ва телеграм каналларимиз бор, уларда шаҳарда йўқолган ҳайвонларни қидириш ишлари олиб борилади. Жуда кўп одамлар машина уриб кетилган итларга ветеринария ёрдами кўрсатишади, уларни даволаш учун маблағ йиғишда ёрдам беришади. Ҳайвонлар соғайгач уларга янги эгалар қидирамиз. Яхши одамлар тирик мавжудотлар азобига бефарқ қолмаслигини жуда яхши англаганман.
Бироқ бераҳм, шафқатсиз ёки шунчаки беэътибор инсонлар ҳам кўп. Шунинг учун экологик тарбияни, ҳайвонларга яхши муносабатда бўлишни болаликдан ўргатиб бориш керак. Волонтёрларимиз мактабларда “Меҳрибонлик сабоқлари”ни ҳам олиб борадилар. Бироқ бунинг ў зи етарли эмас-да.
Қолаверса, оммавий ахборот воситаларида уйсиз ҳайвонлар муаммоси, уй ҳайвонларини сақлаш нормалари ва қоидалари тўғрисида деярли тўлиқ маълумот йўқ. Бу масалалар ҳам жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилиниши, таъсирчан чоралар ишлаб чиқилишини истардик.
Шаҳруза САТТОРОВА
суҳбатлашди. "Ёшлар овози" газетаси муҳаррири.







