Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari
2025-12-31 09:00:00 / Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari

ҒОЗҒОН ШАҲАР ҲОКИМИ НУРАЛИ ЖЎРАЕВНИНГ ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ШАҲАР АҲОЛИСИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ
Ассалому алайкум, ҳурматли Ғозғонликлар, азиз ҳамшаҳарлар!
Аввало барчангизни тобора яқинлашиб келаётган Янги 2026-йил билан чин дилдан қутлаб, самимий муборакбод этаман!
Ўтаётган йил шаҳримиз ҳаётида муҳим воқеалар, кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан ёдда қолди. Ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар, инфратузилма обектларининг барпо этилиши, йўл-транспорт тизими ва коммунал хизматлар сифатининг яхшиланиши Ғозғон шаҳрининг янада ривожланишига хизмат қилди. Бу борадаги барча ютуқлар, аввало, меҳнаткаш, фидойи ва ташаббускор шаҳар аҳолисининг саъй-ҳаракатлари самарасидир.
📝Янги йил остонасида эришилган натижаларни сарҳисоб қилар эканмиз, 2025 йил январ–декабр ойларида Ғозғон шаҳрида 3,0 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт режаси белгиланган бўлиб, амалда 2 миллион 975 минг АҚШ доллари миқдоридаги экспорт амалга оширилди ва режа 99 фоизга бажарилди.
Шаҳар инфратузилмасини яхшилаш доирасида 10 километр ички йўллар асфалтлаштирилди. Шунингдек, 100 километр янги ичимлик суви тармоқлари тортилиб, аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 98,4 фоизга етказилди.
Энергетика соҳасида 1,8 километр электр тармоқлари янгиланиб, 96 та бетон устунлар, шунингдек 2 та трансформатор ўрнатилди.
Таълим соҳасида ҳам муҳим ишлар амалга оширилди. 1-умумий ўрта таълим мактабида йўлаклар тўлиқ асфалтлаштирилиб, табиий мармар билан қопланди. 2-умумий ўрта таълим мактабида 100 ўринли бино замонавий жиҳозлар билан таъминланди. 3 ва 4-умумий ўрта таълим мактабларида эса замонавий спорт заллари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Қадрли ҳамшаҳарлар!
Янги 2026-йил юртимизга тинчлик ва осойишталик, шаҳримизга тараққиёт ва барқарорлик олиб келсин. Ҳар бир хонадонга файзу барака, дастурхонларингизга тўкинлик, оилаларингизга мустаҳкам соғлиқ ва бахт-саодат тилайман. Фарзандларимиз билимли, баркамол авлод бўлиб вояга етсин, ёшларимиз ўз орзу-интилишларига етиб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшсин.
Байрам шукуҳи ҳар бир қалбга қувонч, умид ва ишонч бахш эцин. Янги йил барчамиз учун эзгу ниятлар рўёбга чиқадиган, омад ва муваффақиятларга бой йил бўлсин!
Янги йилингиз муборак бўлсин!
Ҳурмат билан,
Ғозғон шаҳар ҳокими
Нурали Жўраев
