Уланбаторда бўлиб ўтаётган аёллар тадбиркорлиги саммити доирасида учрашув
2025-08-25 15:05:00 / Янгиликлар
Уланбатор шаҳрида ўтаётган аёллар тадбиркорлиги саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова ҳамда Мўғулистоннинг Оила, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Т. Аубаки ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида икки давлат ўртасида хотин-қизлар масалалари, оила институтини мустаҳкамлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар аёллар тадбиркорлигини рағбатлантириш, улар учун қулай бизнес муҳит яратиш ва ўзаро тажриба алмашишнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлашди. Шунингдек, истиқболда ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, форум ва семинарлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди, икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим қадам сифатида баҳоланди.

