Токио ва Осакада Япониянинг етакчи ташкилотлари ва компаниялари билан музокаралар
2025-08-19 09:35:00 / Янгиликлар

METI раҳбари Масаки Огуши билан учрашувда икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва паст углеродли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Лойиҳаларни қўшма кредитлаш механизми (JCM доирасида ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ассортиментини кенгайтириш, ўзбек гилосига фитосанитария рухсатномаси олиш жараёнини жадаллаштириш, энергетика, стратегик металлларни қазиб олиш, қайта ишлаш ва етказиб бериш соҳаларида ҳамкорлик муҳокама қилинди.
JBIC раҳбарияти билан амалдаги лойиҳаларни тезлаштириш, янги ташаббусларни молиялаштиришни йўлга қўйиш ва хусусий секторни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Япониянинг компаниялари билан бўлиб ўтган учрашувларда энергетика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, инфратузилма қурилиши, тўқимачилик саноатини ривожлантириш ва “ақлли” деҳқончилик технологияларини жорий этиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, Sojitz Corporation билан музокаралар якунида энергетика, соғлиқни сақлаш, инфратузилма ва бошқа йўналишларни қамраб олувчи янги Йўл харитаси имзоланди.
17 август куни делегация Осакада бўлиб ўтаётган EXPO-2025 доирасида Ўзбекистон Миллий куни тадбирларида иштирок этди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги стратегик шерикликнинг юқори даражасини кўрсатди ҳамда инвестициялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятларни очди.



