Чанг ва қум бўронларининг 25 фоизи инсон фаолияти туфайли юзага келади: Самарқандда кучайиб бораётган қум бўронлари муаммоси муҳокама қилинди
2023-11-16 09:55:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Сент-Луис Қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ тараққиёти вазири Алфред Проспер, UNCCD COP15 раиси Ален-Ришар Донваи, Саудия Арабистони Қироллиги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири ўринбосари, UNCCD COP16 янги раиси Усама Иброҳим Фақиҳ, UNCCD ижрочи котиби Иброҳим Тиау, ИҲТ Бош котиби ўринбосари Ҳусейн Авни Бижакли ва хорижий делегатлар вакиллари иштирок этди.
“Ўзбекистон учун кучайиб бораётган қум ва чанг бўронлари муаммоси ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Чунки мамлакат ҳудудининг катта қисми дашт ва чўллардан иборат. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун барча даражаларда комплекс чора-тадбирлар кўриш керак. Бу масалани Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шахсан назорат қилиб бормоқда, — деди Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида. — Марказий Осиё мамлакатлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлари билан биз самарали платформа яратдик. Мессенжерда долзарб масалаларни муҳокама қиламиз, фикр алмашамиз. Бугун мен ушбу платформани кенгайтириш ва қўшни ҳудудлардаги сиёсатчиларнинг кенг доирасини бирлаштиришни таклиф қиламан”.
Олий даражадаги тадбир доирасида турли мамлакатлар вазирлари ва атроф-муҳит соҳасидаги етакчиларнинг учрашуви ҳамда ҳукуматлар, БМТ агентликлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида интерактив мулоқот бўлиб ўтди. Иштирокчилар қисқа муҳокама ва маърузачиларга саволлар бериш имкониятига эга бўлдилар.
“Қум ва чангдан иборат қора булутларнинг ёпирилиб келиши, йўлидаги ҳамма нарсани ютиб юбораётгани ва куннинг тунга айланиши табиатдаги энг ҳайратланарли манзаралардан биридир. Бу Шимолий ва Марказий Осиёдан Африканинг жануби-ғарбий қисмигача бўлган ҳамма жойда тартибсизликни келтириб чиқараётган хавфли ҳодисадир, — деди БМТнинг чўлланишга қарши кураш бўйича конвенсияси ижрочи котиби Иброҳим Тиау. — Қум ва чанг бўронлари барқарор ривожланишга эришиш учун катта муаммо туғдирмоқда. Бироқ, бу хавфни янада оғирлаштириш ҳам, бартараф этиш ҳам инсонларнинг қўлида”.
Ўз навбатида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти ходими Баҳриддин Нишонов ҳаво ифлосланишини мониторинг қилишнинг замонавий тизимлари муҳим эканлигини таъкидлади.
“Тадқиқотларга кўра, Марказий Осиё ва Хитой атмосферага чанг чиқариш бўйича дунё миқёсида (Саҳройи Кабир чўлидан кейин) иккинчи ўринда туради – бу умумий миқдорнинг тахминан 20 фоизига тенг. Ўзбекистонда шаҳар ва аҳоли пунктларининг атмосфера ҳавосидаги чанг ва майда дисперс заррачаларнинг (PM1, PM2,5, PM10) кўриш диапазони ва концентрациясини реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи автоматик метеорологик стансиялар ва ҳавонинг ифлосланишини автоматик назорат қилувчи стансиялар ўрнатилган. Чанг ва қум бўронларини кузатиш ва прогноз қилиш имкониятларини кучайтириш ушбу ҳодисаларнинг салбий оқибатларини камайтиришга ёрдам беради", — деди у.
Таъкидлаш жоизки, БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенсиясига (UNCCD) кўра, қум ва чанг бўронлари етарлича эътибор берилмаган муаммо бўлиб, ҳозирда дунёнинг баъзи жойларида “сезиларли даражада” кенг тарқалган.
Ҳар йили атмосферага Гизадаги 350 та пирамида оғирлигига тенг бўлган икки миллиард тонна қум ва чанг тарқалади. UNCCD экспертларининг фикрича, бу ҳодисанинг 25 фоиздан ортиғи инсон фаолияти билан боғлиқ. Зарар Шимолий ва Марказий Осиёдан Саҳрои Кабир, жанубий Африкагача бўлган мамлакатларда содир бўлади, уларнинг инсон саломатлигига таъсири ҳали ҳам етарлича баҳоланмаган.
UNCCD, FAO ва ҳамкорларнинг қум ва чанг бўронлари ҳамда уларнинг омиллари ҳақидаги тўпламида чангли қум бўронлари маълумотларини тўплаш ва баҳолаш, мониторинг қилиш ва эрта огоҳлантириш, юмшатиш ва тайёргарлик, шунингдек, субмиллий, миллий, минтақавий ва глобал даражадаги антропоген манбаларни хариталаш ва юмшатиш методологиялари борасида керакли тавсиялар бериб ўтилган.
