Инвестиция - қишлоқ хўжалигини тараққий эттирувчи бош омил
2024-06-12 11:05:00 / Янгиликлар

Ташриф дастурига мувофиқ, “Green gold work” МЧЖ гулчилик кластери фаолияти билан танишиш баробарида, вилоятда аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалаларига қаратилган йиғилиш ўтказилди.
Вазир Иброҳим Абдураҳмонов раҳбарлигида ташкил этилган йиғилишда вазирлик масъуллари, вилоятнинг қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиқлари, тизим ташкилотлари раҳбарлари, соҳага алоқадор шахслар иштирок этди.
Вилоятнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш, инвестицияларни ўзлаштириш, экспорт, ер ўзлаштириш, аҳоли ва ёшларга ер ажратиш, ғалла парвариши, чигит экиш, янги боғ-токзорларни барпо этиш ва бошқа масалалар бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда келгусида амалга ошириш режалаштирилган вазифалар ва эришиладиган кўрсаткичлар тақдимоти билан бошланган йиғилишда вазир Иброҳим Абдураҳмонов энг аввало бу каби рақамлар ҳисоботни виждонан ёндашилган ҳолдаги акс эттирилган бўлиши лозимлиги қайд этди.
Бинобарин, вилоят экспорт салоҳиятини ошириш, аҳоли ва ёшлар бандлигини таъминлаш, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда жонбозлик кўрсатган ҳамда белгиланган режани ортиғи билан бажарган фермер хўжалиги раҳбарлари рағбатлантирилди.
Бунда энг асосийси, ҳар бир раҳбар бугун вилоятда маҳсулот ишлаб чиқариш билан биргаликда хорижга нима экспорт қила олади, қандай янги инвестиция жалб қилиш мумкин, ҳар бир қарич ерда унумли фойдаланиляптими, ёшларга қандай шароитлар яратилмоқда, уларга қулай шароит яратиб бериляптими каби саволларга жавоб бера олиши ва ишга масъулият билан ёндашиши лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, тақдимот давомида вилоятда жорий йил ҳосили учун деҳқон хўжаликлари томонидан асосий ва такрорий майдонларга экиладиган қишлоқ хўжалиги экинларидан олинадиган ҳосил, аҳоли бандлигини ошириш, замонавий суғориш технологияларини жорий этиш, Пахтачилик соҳасида агросаноат кластери ва кооперативлари фаолиятини ривожлантириш, жорий йил давомида аграр соҳада амалга оширилиши режалаштирилган ишлар, мақсадли инвестицион лойиҳаларни жалб этиш ва кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари хусусида сўз юритилди. Қолаверса, ҳар бир туман ва шаҳар раҳбарлари кунлик режа асосида иш олиб бориши зарурлиги қайд этилди.
Айтиш керак, бугун Андижон вилоятининг ҳар бир ҳудудида қишлоқ хўжалиги бошқармалари фаолият олиб бормоқда. Вилоятда олиб борилаётган ислоҳотлар эса, қониқарли даражада эмас.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда вилоят ялпи ички маҳсулоти ва экспорт салоҳияти ҳам етарли бўлмагани, бу каби сусткашликларнинг сабаби ва жорий йил ҳосили учун экиладиган уруғлик ва кутилаётган ҳосил, аграр соҳада эришилган келишувлар ва лойиҳалар самарадорлигини ошириш, бу борадаги ҳамкор ташкилотлар билан самарали ишлаш механизмини йўлга қўйиш, хусусан, қишлоқ хўжалигида иш жараёни секинлашиб қолган мавжуд хорижий инвестиция лойиҳаларининг муаммоларини аниқлаш ва қайта кўриб чиқиш ҳамда уларга ижобий ечим топиш бўйича самарали чора кўриш масаласи муҳокама қилинди.
Вазир И.Абдураҳмонов ўз навбатида, Андижон вилояти қишлоқ хўжалигини экологик жиҳатдан энг хавфсиз, биохилма-хилликни қўллаб-қувватлайдиган усулда, сув ресурсларидан оқилона фойдаланган ҳолда ривожлантириш, янги ерларни ўзлаштириш, интенсив боғ яратиш, табиий ва молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ўз ечимини кутаётган лойиҳаларни тизимли амалга ошириш қишлоқ хўжалигида қўшимча қиймат занжирини яратишнинг муҳим жиҳатларидан бири эканини қайд этди.


