Ўзбекистон-Туркия: Қишлоқ хўжалиги вазирларининг ўзаро мулоқоти агроҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб берди
2024-06-07 09:45:00 / Янгиликлар

Ташриф дастуридан ўрин олган тадбирлар доирасида Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Ибраҳим Юмакли билан мулоқот қилди.
Унда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро савдоси ўсишида ижобий тенденция кузатилаётгани, ўтган йили савдо айланмаси 144,8 млн долларни ташкил этган бўлса, жорий йил якунига қадар мазкур кўрсаткични 200 млн долларга етказиш бўйича ўзаро ҳамкорликда изчил ишлар амалга оширилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Айнан аграр соҳада икки давлат ҳамкорлигида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг дунёда ҳукм сураётган геосиёсий вазият, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари инсониятни кечиктириб бўлмайдиган қарорлар қабул қилишга ундайдиган бир пайтдаги аҳамияти жуда юқори эканлигига урғу берган вазир Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи доирасида ўтказилган учрашувлар самарали бўлгани ва эришилган келишувларнинг истиқболлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, Иброҳим Абдураҳмонов қишлоқ хўжалиги суғуртаси платформасини ишлаб чиқишда туркиялик мутахассисларнинг кўрсатаётган амалий ёрдамини ҳам алоҳида эътироф этди.
Ўз ўрнида Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Ибраҳим Юмакли эришилган келишувлар ва ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларидан мамнунлигини билдирар экан, илдизлари мозийга туташ қардош давлатларнинг аграр соҳадаги ҳамкорлик йўналишлари бундан буён тобора мустаҳкамланиб, кенгайиб боришини таъкидлади.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, Туркиялик ҳамкорлар билан қатор ўзаро инвестиция ва ҳамкорлик шартномалари шакллантирилди. Илм-фан соҳасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича лаборатория ташкил этиш ҳамда Туркия селекциясида мансуб бўлган кунгабоқар, маккажўхори ва ерёнғоқ навлари ота-оналик материалларининг F1 дурагай авлодини кўпайтиришни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.
Бундан ташқари
Наманганда геотермал сувдан фойдаланиб, кооперация асосида иссиқхоналар ташкил этиш;
М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти базасида замонавий кўчатчилик в ин-витро лабораторияси ташкил этиш;
Наманганда интенсив боғлар яратиш;
Андижонда уруғлик пахта хомашёсини қайта ишлаш ва дон ва дуккакли экинларни қайта ишлашга мўлжалланган замонавий уруғчилик мажмуасини барпо этиш юзасидан ҳам олиб борилган самарали музокаралар якунида аниқ келишувларга эришилди.