Швейцария билан янги битим имзоланди
2024-06-03 16:25:00 / Янгиликлар

Швейцария Конфедерацияси ҳукумати 2000 йилдан буён Ўзбекистон билан сув хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилиб келади.
Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда 2016-2019 йилларда “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси”нинг биринчи босқичи амалга оширилди. 2020-2023 йилларда лойиҳасининг иккинчи босқичи ҳаётга татбиқ қилинди.
Тадбирда Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Швейцария ҳукумати Ўзбекистоннинг сув хўжалиги соҳасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келаётганлигини таъкидлади. Ўтган йилларда “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси”нинг икки босқичи муваффақиятли амалга оширилганлигини эътироф этди.
Қуйи тизим ташкилотларининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, мутахассисларнинг малакасини ошириш, вазирлик тизимидаги коллежларни ўқув дастурлари ва кўргазмали воситалар билан таъминлашда ёрдам кўрсатилди.
Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси ҳамда Сув кодексини ишлаб чиқишда ҳам лойиҳа амалий кўмак берди.
– Биз ҳозир “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси”нинг учинчи босқичи бўйича Битимни имзоламоқчи бўлиб турибмиз. Ўйлайманки, музкур лойиҳа ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади, деди Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев.
– Биз лойиҳанинг эришган натижаларига асосланамиз ва саъй-ҳаракатларимизни кенгайтирамиз. Бу лойиҳа сувни самарали бошқариш, сувни тежовчи технологиялар, рақамлаштириш ва Марказий Осиёда фермерлар ва маҳаллий сувдан фойдаланувчиларнинг салоҳиятини ошириш орқали иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича кўмагимизнинг асосий қисмидир”, – деди Швейцария Конфедерациясининг Ўзбекистондаги элчиси Константин Оболенский.
Лойиҳа учинчи босқичининг умумий бюджети 3,55 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 2024–2027 йиллар давомида амалга оширилади.
Битимни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев ва Швейцария Конфедерациясининг Ўзбекистондаги элчиси Константин Оболенский имзолади.

