Бухоро тумани: Тилав Содиқов, Алланазар ва Ражаб Худойназаровлар томорқаларида эртанги сабзавот етиштирилмоқда
2025-03-17 11:10:00 / Янгиликлар

Томорқа ери даромад манбаи, битмас-туганмас хазина эканини теран тушуниб етган миришкор деҳқонлар хизмати билан бугунга келиб туманда ҳар бири 2 сотихдан 10 сотихгача бўлган иссиқхона сони 1 минг 900 тага етказилган. Бу хўжаликлар тасарруфидаги экин ери эса 90 гектарни ташкил этаётгани, уларда йилига камида икки-уч марта ҳосил етиштирилаётганини ҳисобга олсак, элимиз дастурхонини тўкин қилишда томорқа хўжаликлари ҳиссаси янада яққол кўзга ташланади.
Жумладан, “Янги турмуш” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни тарғиб қилиш ва томорқачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, маҳалла “еттилиги” саъй-ҳаракати туфайли ижтимоий муҳофазага муҳтож, камдаромадли хонадонларга бепул ихчам иссиқхоналар қуриб бериш йўли билан уларга ишлаб, моддий манфаатдор бўлишлари учун имконият яратилмоқда.
Бешариқ қишлоғида яшовчи Тилав Содиқов, Баходир Аҳмедов Қоражери қишлоғида яшовчи Алланазар Худойназаров ва Ражаб Худойназаров хонадонларида ҳам томорқа ери ҳар қаричидан унумли фойдаланишда катта тажриба тўпланган. Йил бошидан бу оилалар миришкорлари экин ерини обод қилиб, картошка, помидор, бодринг, булғор қалампири, саримсоқпиёз каби маҳсулотларни экиб етиштириб, аввало ўз рўзғор хўжаликлари эҳтиёжини бадастир қилишга ўрганишган. Маҳалла маъмурияти ўрганишлари билан томорқа хўжаликлари сув таъминоти, экин ерини суғориш тармоқлари шай қилинмоқда. Эътиборлиси, улар иш услуби маҳалла ва қишлоқларда оммалаштирилмоқда.
Шунингдек, ҳудуд аҳолиси дала-деҳқончилик, иссиқхона меҳнати билан бирга чорвачилик, боғ-токзорчилик, парранда парвариши йўналишларида ҳам фаол бўлиб, даромадбоп тармоқларда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, аҳоли дастурхони тўкинлигини таъминлашда баҳолиқудрат ҳисса қўшмоқда.
Баъзи маълумотларга назар солсак, ўтган йил иккинчи ярмида туман томорқачилари томонидан 660 гектар ерда “тўқсонбости” услубида саримсоқпиёз, кўк пиёз, карам, лавлаги, ошқовоқ, шолғом ва ош кўкатлар етиштирилган бўлса, жорий йил эрта баҳоридан киришилган дала-деҳқончилик ишларида ҳудуддаги 3 минг гектардан ортиқ томорқа ерида картошка, помидор, бодринг, пиёз, булғор қалампири, карам, бақлажон ва бошқа сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








