Муҳаммад Монирул Ислом: «Бухорога келишни истовчи бангладешликлар ниҳоятда кўп!»
2024-11-02 17:35:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистон ва Бангладеш изчил иқтисодий ўсиш суръатларини кўрсатаётгани, мақсадлар муштараклиги, ҳамкорликни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Муҳаммад Монирул Ислом сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ташқи сиёсатда мислсиз фаоллик, ўзгаришлар амалга оширилаётганини, нисбатан қисқа давр ичида бу йўлда амалга оширилган ишларни халқаро ҳамжамият ҳам тан олаётганини эътироф этди.
Шунга Ўзбекистонда зиёрат туризми учун катта имкониятлар яратилаётганлигини, жумладан, янги туризм объектлари, дам олиш масканлари, гастрономия ва зиёрат туризми йўналиши бўйича юксак салоҳиятга эга эканлигини, қолаверса, ҳадис илми олимларининг устози Муҳаммад ал-Бухорий, Нақшбандия тариқатининг кўплаб етук издошлари айнан шу заминдан чиққанлигини алоҳида таъкидлади.
Элчи қадимий шаҳарда сақланаётган жаҳон аҳамиятига молик тарихий-маданий мерос намуналари бангладешлик сайёҳлар орасида машҳур экани ва кейинги йилларда Бухорога саёҳат қилиш истагида бўлганлар сони ортиб бораётганини таъкидлади.
- Бангладеш билан Ўзбекистон ўртасида анъанавий дўстона муносабатлар ривожланиб келган. Умумий тарихимиз ва ўзаро муштарак маданиятларимиз бунда муҳим ўрин тутади. Шу боис Ўзбекистоннинг бангладешлик сайёҳлар учун жозибаси баланд. Ўзбекистонни кўришни, хусусан, Бухорода қўним топган етти пирларни зиёрат қилишни истовчи 170 миллионлик аҳолисига эса Бангладеш фуқаролари ниҳоятда кўп. Тўғридан-тўғри авиарейсларнинг қайта йўлга қўйилиши Ўзбекистон ва Бангладеш каби тарих ва маданиятга бой мамлакатларда туризм ривожига янги босқич бахш этади, - деди у.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонга саёҳат қилмоқчи бўлган бангладешлик сайёҳ учинчи мамлакат, асосан, Ҳиндистон, Таиланд ёки Дубай аэропортлари орқали Тошкентга етиб келади. Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасида ҳаво қатнови йўлга қўйилиши нафақат туризм, балки савдо-иқтисодий муносабатлар ривожига ҳисса қўшади, халқларимизнинг янада яқинлашишига хизмат қилади.
Қайд қилинишича, Бангладеш ва Ўзбекистон ўртасида 1993-2005 йилларда тўғридан-тўғри рейслар амалга оширилган.
Учрашувда иштирок этган вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бухоронинг туризм салоҳиятини Бангладешда кенг тарғиб қилиш, туризм соҳаси вакилларига яқиндан таништириш, бангладешлик сайёҳлар оқимини Бухорога йўналтириш учун авиақатновларни йўлга қўйиш, Бангладеш сайёҳлари учун Бухоро бўйлаб туристик маршрутлар ишлаб чиқиш юзасидан таклифларини билдирди.
Шунингдек, мулоқотда Бангладеш ва Бухоро ўртасида тўқимачилик, гиламчилик ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг мавжуд салоҳиятини рўёбга чиқариш, икки ҳудуд тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги бевосита алоқаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашувда маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Икки томонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор муҳим келишувлар бўйича музокараларни жадаллаштиришга келишиб олинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









